ЎзМТДП сайловларда қандай иштирок этди? — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

ЎзМТДП сайловларда қандай иштирок этди?

Куни кеча мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий жараён Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайлов бўлиб ўтди. Сайлов кодексига асосан барча сиёсий партияларга тенг имкониятлар яратиб берилган сиёсий тадбирда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳам муносиб иштирок этди.

Шу муносабат билан бугун “Пойтахт” бизнес марказида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров иштирокида журналистлар учун матбуот анжумани бўлиб ўтди.

— Сайловларда “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига 149 нафар, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига 831 нафар ҳамда халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига 5731 нафар номзод иштирок этди, — деди партия етакчиси бўлиб ўтган сайлов натижаларига тўхталар экан. — 22 декабрь куни “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 10260 нафар кузатувчи сайлов участкаларида овоз бериш жараёнининг ҳаққонийлигини кузатди. Шунингдек, шунча нафар ваколатли вакиллар овозларни санаш жараёнида иштирок этди.

Бугун Марказий сайлов комиссияси эълон қилган дастлабки маълумотга кўра, партиямиздан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига 35 нафар депутат сайланган.

Бу йилги сайловларда ҳар бир участкада кўзи ожиз фуқаролар учун биринчи марта Брайль ёзувида ёзилган бюллетенларда овоз бериш ташкил этилди. Бу каби чора-тадбирлар фуқароларнинг сайлов жараёнида фаол ва тенг иштирокини таъминлади.

Овоз бериш жараёнлари аккредитациядан ўтган 1155 маҳаллий ва хорижлик ОАВ вакиллари томонидан кенг ёритилди. Сайловлар жараёнида 10 та нуфузли халқаро ташкилот, дунёнинг 50 га яқин давлатидан юзлаб халқаро кузатувчилар иштирок этди. Бундан ташқари, сайловларда депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 70 мингдан зиёд кузатувчи қатнашди.

— Марказий сайлов комиссияси икки ҳафта ичида яна 22 та сайлов округида қайтадан сайлов бўлишини эълон қилди. Демак, партиямизда яна камида 10 та ўринга эга бўлиши имконияти бор ва бунинг учун бугундан бошлаб яна тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтиришимиз лозим, — А.Қодиров.

Матбуот анжумани якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.

ЎзМТДП Ахборот хизмати