ЎзМТДП “Ёшлар қаноти” фаоли Учқудуқ шароитида полиз маҳсулотлари етиштиришга қўл урди — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

ЎзМТДП “Ёшлар қаноти” фаоли Учқудуқ шароитида полиз маҳсулотлари етиштиришга қўл урди

Атрофга назар ташласак ёшлар учун яратилган имкониятларга ҳавас қиласан киши. Кимдир тадбиркор, кимдир эса жаҳонни лол қолдирган спорт устаси, бошқаси ихтирочи, кашфиётчи…

Бугунги ёшлар битта фаолият билан чекланиб қолгани йўқ. Ҳикоямиз қаҳрамони, ЎзМТДП аъзоси Бобур Шоназаров ҳам ана шундай интилувчан ёшлардан.

У Навоий давлат кончилик институтини тамомлаб, Шимолий кон бошқармаси  ахборот коммуникацион технологиялар марказида ишламоқда.

Ёш тадбиркор тушунчаси  ҳаётимизга  чуқур сингиб бораётганидан, ўзи тенги ёшларга берилаётган имтиёзлардан руҳланган Бобурбек Учқудуқ шароитида полиз маҳсулотлари етиштиришга қўл урди.

Тўғри, бу минтақа шароитида анча – мунча мураккаб иш. Лекин қишлоққа ҳар гал борганида бобосидан деҳқончиликнинг сир-асрорларини ўргангани, ерга меҳр қўйгани боис Бобурбек машаққатдан қўрқмади. Таваккал қилди.

У мўъжазгина иссиқхона ташкил этди. «Микрокредитбанк» АТБ Учқудуқ банк хизматлари марказининг “Ҳар бир оила тадбиркор” Давлат дастури доирасида 30 млн. сўм кредит олди, 3 нафар тенгдошини ишли қилди.

Бугун 8 сотихли иссиқхонада помидору бодринглар гуллаб ҳосилга кирган. 6 сотихли майдондаги боғда эса олма, нок, ўрик сингари ниҳоллар баравж кўкка бўй чўзмоқда.

Ҳадемай учқудуқликлар дастурхонига Бобур Шоназаров иссиқхонасининг арзон ва сифатли маҳсулотлари етказиб берилади.

Дарвоқе, бошқа жойларда нечта ниҳол ўтқазсангиз бари униб-ўсади. Учқудуқда эса шунинг ўнтадан биттаси кўкариб кетса ҳам катта гап. Хўш, иқлими аёвсиз Қизилқумда яшаб, таваккал қилиш  Бобур Шоназаровни юракдаги ёшлик ёлқини,  юртга камарбаста бўлиш иштиёқи эмас-ми?!

Райҳон ҚОДИРОВА,

ЎзМТДПдан халқ депутатлари Учқудуқ туман Кенгашига сайланган депутат