Ўз отасидан отарни олган Нурсултан — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Ўз отасидан отарни олган Нурсултан

Дунёда касблар кўп. Ҳар бирининг ўз йўналиши, ўзига оҳанграбодек тортувчи жозибаси бор. Орамизда ўз касбидан бахт топганлар талайгина. Ана шундайлардан бири қулқудуқлик Бахит оға НУРМАХАНОВ.

Қулқудуқ аҳолисининг тантилиги-ю, бағрикенглигига қойил қолмай илож йўқ. Бугун улар орасида алоҳида ҳурматга эга, соддадил, заҳматкаш бир инсон билан суҳбат уюштирдик. Қаҳрамонимиз 43 йилдан бери ота касб – чўпонлик билан шуғулланиб келади. 60 ёшни қаршиласа-да, анча тетик Бахит оға Нурмаханов чўпонлик ортидан тўрт нафар фарзандини ҳалол ризқ билан вояга етказди, уйли-жойли, ўқимишли қилди. Ширин невараларнинг севимли бобоси у.

Чўпонлик касбини танлашимга мен улғайган муҳит, раҳматли отам сабабчи бўлган. Мактабни битирганимдан кейин отам: “Энди сен улғайдинг қанотимга кир, олдимда бўлиб ёрдам бериб юр”, деди.
Жуда ёшлигимдан чўпонликнинг, чорвани кўпайтиришнинг ҳадисини олган эмасман-ми, бу соҳада ишлаш менга ҳеч бир қийинчилик туғдирмади. Отамнинг айтганларига амал қилиб, озми кўпми тажриба тўпладим.

Чўпонликнинг ҳам завқи, ҳам машаққатлари бор. Саратон-у изғиринли кунларга бардошли бўлиш керак. Ноқулай об-ҳаво шароитларига тайёр туришингиз талаб қилинади. Шу билан бирга, қўй-қўзи, эчкиларнинг ҳисоб-китобини ҳам юрита билишингиз зарур. Ким нечта қўй-эчкиларини қўшди, қайси қўй болалади, қайсиниси касалланди – ҳаммасини назорат қилишингиз лозим.

Мана бугун мен ҳам анъанани давом эттириб, ота мерос чўпон таёғимни ўғлим Нурсултанга бераяпман : “Ўғлим ҳалоллик – инсонийликнинг энг муҳим хислатларидан бири. Қийин йўлдан юриб меҳнат қилганинг эвазига топганинг татийди. Пешона тери билан топилган ризқ қадрли бўлади, қинғирликнинг эса келажаги йўқ” дея қўллар дуога очилади.

-Йиллар давомида отамга кўмаклашиб келардим, бугун ўзи боқаётган отарни ишониб менга топширди. Боз устига отарга “Ҳар бир оила тадбиркор” Давлат дастури асосида имтиёзли кредит олиб 6 та она-бола эчки олиб қўшдим. Энди менинг ўз ишим, ўз чорвам бўлади, – дейди Нурсултан.

Ўғли қанотига кирганидан хурсанд бўлган Бахит оға Нурмаханов қўлига дўмбира олди. Ўлан айтди. Унга жўр бўлган Нурсултаннинг овозию дўмбиранинг дилтортар ноласи биз яйловдан узоқлашганимизда ҳам дилимизни тарк этмади.

Қизилқум бағрига олган бир оиладаги соғлом муҳит, отадан ўғилга мерос ўтган касбни эъзозлаётган ёш Нурсултан кўнглимизга хушнудлик бағишлади.

Миллий тикланиш партиясидан Халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгаши депутати Райхон Қодирова суҳбатлашди.