Қаршилар борми орамизда? — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Қаршилар борми орамизда?

Маълумотларга қараганда, ўтган йили Хитойда илм-фан ва ишлаб чиқаришга оид 528 263 та мақола эълон қилинган бўлса, Америкада бу рақам 422 808 ни ташкил этган. 2017 йили илмий-тадқиқот марказларига инвестиция киритиш бўйича Америка 28-ўриннни эгаллаган бўлса, Хитой, Япония ва Янги Зеландия асосий пешқадамлардан саналади. Бир сўз билан айтганда, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасида бутун дунёда ўзига хос кураш кетяпти. Яна бир муҳим жиҳат: қаерда рақамли иқтисодиёт қўллаб-қувватланса, ўша мамлакатларда ЯИМ улуши йилдан-йилга ошиб бормоқда. Шунинг учун ҳам ривожланган мамлакатлар ушбу секторга катта ҳажмда инвестициялар киритишга зўр беришмоқда. Мамлакатимизда ҳам бу борада дастлабки қадамлар бундан бир йил аввал, яъни БАА билан ҳамкорликда “Бир миллион ўзбек дастурчиси” лойиҳасига қўл урилган куни ҳамда Мирзо Улуғбек ва Ал-Хоразмий мактабларининг таъсис этилганида қўйилган эди.

Очиғини айтиш керак, ривожланган мамлакатларнинг ЯИМда рақамли иқтисодиёт улуши тобора ортиб бораяпти. Айни пайтда АҚШ, Ҳиндистон, Буюк Британия, Австралия ва Бангладеш рақамли иқтисодиёт бўйича етакчи мамлакатлар саналади. Осиё қитъаси эса ИТ маҳсулотларини етказиб берувчи етакчи континентга айланди, ҳисоби. Рақамли иқтисодиёт туфайли луғатимизга ҳам янги терминлар кириб келмоқда. Мисол учун “Freelencer” ишчилар, яъни веб дизайнер, компьютер дастурлаш ва ҳ.к. Бундай янги иш турлари одамларга кўпгина қулайликлар яратади. Хусусан, эркин лойиҳа ва клиентлар танлаш, глобал бозорга эркин кириб бориш ва маълум жойларга бориб ишлашдан қутулиш.

Масалан, бугун “Freelancing” Бангладеш аҳолиси учун оммабоп, бюджетбоп ва ўз ҳаёт тарзларига мос бўлган фаолият тури бўлиб қолди. Шунинг учун ҳам Бангладеш ҳукумати ушбу сектор учун бир қатор қулайликлар яратиб, қишлоқ аҳолисини интернетга қулай боғланиш ва хусусий секторнинг ушбу соҳа бўйича таклифларини бемалол қабул қилишларига шароит яратмоқда. 2009 йилдан бошлаб “Рақамли Бангладеш” лойиҳаси амалга ошира бошланганини ҳам таъкидлаш жоиз. Натижада ушбу мамлакат онлайн меҳнат бозорини ишчилар билан таъминлаб берадиган иккинчи мамлакатга айланди. Бугун бу ерда 500 000 доимий фаол “Freelancers” ишчилар бор. Жами эса мамлакатда 650 000 “Freelancers” ишчилар руйхатдан ўтган.

Албатта ўзгаришлар қиёслаб бўлмас даражада. Чунки 70-йилларда жаҳоннинг энг қолоқ мамлактларидан саналган Бангладешда бугун ЯИМнинг ўсиши 8 фоизга етди. Статистларнинг маълум қилишларича, Бангладешда 44 миллион ёш аҳоли бўлиб, уларнинг ҳар 10 нафардан 1 нафари ишсиз эди. Йилига минглаб ёшлар давлат ва хусусий олий ўқув юртларини тугатади ва иш топишга қийналадилар. Айнан ана шундай ёшлар ИТ ва “Online Freelancing” ёрдамида рақамли иқтисодиёт дунёсида ўз карьераларини топа бошладилар. Бангладеш нақд пул муомаласиз энг тез ривожланаётган жамиятлардан бирига ҳам айланяпти. Ўтган йили ушбу давлатда электрон савдо 260 миллион долларга етгани, фуқаролар томонидан 1 миллиард долларлик ИТ маҳсулотлари экспорт қилингани айтилмоқда. Ушбу кўрсаткични 2021 йилгача 5 миллиардга етказиш кўзда тутилган.

Ҳиндистондаги ўзгаришлар ҳам рақамли иқтисодиёт билан боғлиқдир. Маълумотларга қараганда, Ҳиндистон дунёнинг онлайн ишчилар етказиб берувчи асосий мамлакати саналади. Хусусан, умумий “Freelancers” ишчиларининг 24 фоизи Ҳиндистонга тўғри келади. Бу борада Бангладеш 16, АҚШ эса 12 фоизлик кўрсаткич билан кейинги ўринларни банд этиб турибди. Ҳиндистон компьютер ва технологик дастурлаш бўйича ҳам етакчидир.

Ишсизлик масаласи Ўзбекистонда ҳам оғриқли муаммолардан бири. Ҳатто кўплаб ёшларимиз олий маълумот эгаси бўлганларидан кейин ҳам иш топишда бир қатор муаммоларга дуч келмоқдалар. Натижада уларнинг аксарияти меҳнат муҳожирлари рўйхатига қўшиляпти. Агар бизда ҳам рақамли иқтисодиёт ривожланса, ёшларимиз ҳам ИТ маҳсулотларини экспорт қила бошлайдилар.

Маълумки кўплаб мамлакатларда гендер тенглиги масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз томонидан мамлакатимизда ҳам ушбу масалада илғор ташаббуслар илгари суриляпти. Уларнинг амалиётга татбиқ этилаётганини мамлакатимиз парламентига илк маротаба 32 фоиз аёллар сайланганида ҳам кўриш мумкин. Юртимиздаги баъзи бир оилаларда ўқимишли ва билимли аёллар айнан оила манфаатини устун қўйиб, ўз карьераси ва орзуларидан воз кечади. Агар ёш қизларимизга ҳам ИТ ва дастурлаш маҳсулотларини ишлаб чиқиш ўргатилса, улар компьютер ёрдамида ўз маҳсулотларини истаган мамлакатларига экспорт қилиш имконига эга бўлишади. Бу айни пайтда аёлларнинг ушбу секторга бўлган ишончини ҳам орттиради.

Тўғри, ҳукуматимиз рақамли иқтисодиётни ривожлантириш учун бир қатор муаммоли масалаларни ҳал этаяпти. Аммо шундай масалалар борки, улар ислоҳотлар билан қадам-бақадам ҳал этишни тақозо этмоқда. Мана бир мисол, айрим ҳудудларда замонавий ИТ парклар курилаётган бўлса-да, айрим ҳолларда узлуксиз электр энергия ва юқори сифатли интернет тезлигининг талаб даражасида эмаслиги улар фаолиятини тўхтатяпти. Шу ўринда хориждан осон ва тез пул ўтказиш тизими йўлга қўйилиши учун ҳам шароит яратилиши жоиз. Бундан ташқари, Ўзбекистон хорижда катта-катта ИТ компанияларда ишлайдиган ўзбекларни ушбу секторни ривожлантиришга жалб этсалар, мақсадга мувофиқ бўларди. Агарда биз рақамли иқтисодиётни ривожлантирсак, биринчи ўринда ёшлар орасида ишсизлик даражаси камаяди. Энг муҳими, меҳнат муҳожирлиги барҳам топа бошлайди. ИТ маҳсулотларининг экспорт қилиниши мамлакатимизга валюта келишга йўл очади. Чекка-чекка ҳудудларда пайдо бўлган ИТ парклар ва уларнинг маҳсулотлари ҳудудларимизда инфратузилмани ривожлантиришга хизмат қилади. Шунингдек, иқтисодиётни рақамлаштириш яширин иқтисодиётга барҳам бериб, бюджет тушумини оширади. Яна бир жиҳат, бу – билан иқтисодий статистик маълумотлар аниқлаштирилиб, иқтисодий режаларни туғри танлаш имконияти яратилади.

Хулоса қилиб шуни таъкидлаш жоизки, Президентимиз томонидан 2020 йилга “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб ном берилди. Бу миллионлаб юртдошларимизнинг орзуси эди аслида. Демак, Давлат раҳбари томонидан кенг йўл очиб берилди орзулар, ниятлар ушалиши учун. Бас шундай экан, барчамиз, ким, қаерда, қандай лавозим, вазифада ишламайлик бирлашадиган пайт келди. Ё бу ғояга қаршилар борми орамизда?

Муроджон ҲУСАНОВ,
ЎзМТДП Марказий кенгаши
етакчи мутахассиси