“Қачон давлат пул берса ўшанда қиламиз” — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

“Қачон давлат пул берса ўшанда қиламиз”

Партия Марказий кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоларидан иборат ишчи гуруҳи шу кунларда Жиззах вилояти аҳолиси билан учрашувлар ўтказаётгани ҳақида хабар берган эдик. Гуруҳ иккинчи куни Пахтакор, Ғаллаорол ва Арнасой туманларида бўлди.

Ишчи гуруҳи мактабгача таълим ва таълим муассаслари, маҳаллаларда бўлиб, мавжуд шарт-шароитлар, муаммо ва камчиликларни ўрганмоқда. Аҳолининг фикр-мулоҳазаларини эшитмоқда.

— Марказий кенгаш раиси Алишер Қодиров яқинда бўлиб ўтган Пленумда партия ҳудудий ташкилотлари ҳамон бугунги кун талаби асосида фаолият юритмаётгани, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари билан маҳаллий кенгаш депутатлари ўртасида алоқа йўқлиги, ҳамма билганича иш қилаётганини танқид қилган эди, — деди ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Мухамеджанова. — Шу боис, гуруҳларга маҳаллий кенгаш депутатлар ҳам киритилди ва улар ҳамкорликда ишламоқда.

— Ишларнинг қандай ташкил қилиниши биринчи раҳбарга кўпроқ боғлиқлигига кўп гувоҳ бўлдик, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муборак Аҳмедова. — Бир хил шарт-шароитга эга бўлган иккита мактабгача таълим муассасасида икки хил манзара. Бирида раҳбарнинг уддабуронлиги, ўз касбига бўлган садоқати, меҳри натижасида шарт-шароитлар ўз кучи билан яхшилаб олинган. Кирсангиз ҳавас қиласиз. Ғаллаорол туманидаги 5-сонли мактабгача таълим муассасасида бунга гувоҳ бўлдик. Қўшни маҳалладаги муассасада эса аксинча ҳолат. Қачон давлат пул берса ўшанда қиламиз қабилида иш тутилган. Шу тумандаги Молтоп қишлоғида замонавий талаблар асосида қад ростлаган 160 ўринга мўлжалланган 4-сонли мактабгача таълим муассасасини кўриб, тўғриси жуда қувонган эдик. Аммо муассаса ичига кириб ҳамда мудира билан гаплашиб ҳафсаламиз пир бўлди. Мудира Шарофат Ҳилолиддинованинг айтишича, муассаса 2018 йилнинг 10 декабрида фойдаланишга топширилиши керак эди. Аммо кўриб турибсиз, қурилиш ишлари тугагани йўқ. Ишлар сифатсиз бажарилгани оқибатида ҳали фойдаланишга топширилмаган иншоотнинг айрим жойлари қайтадан таъмир қилинмоқда.

Ишчи гуруҳнинг ўрганиш ишлари давом этмоқда. Аниқланган муаммо ва камчиликлар юзасидан партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилишида тегишли вазирларнинг эшитувини ташкил қилиш режалаштирилган.

Бизни кузатишда давом этинг.


ЎзМТДП Ахборот хизмати