Қуролли Кучларимиз — мамлакатимиз барқарорлиги ва тараққиётининг кафолати — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Қуролли Кучларимиз — мамлакатимиз барқарорлиги ва тараққиётининг кафолати

Ватан остонадан, инсон яшаб нафас олиб турган гўшадан, киндик қони тўкилган хонадон тупроғидан бошланади. Аждодларимиз юрт тупроғини кўзларига тўтиё этганлар, қаерга борса ҳам, Ватан ёди билан нафас олганлар. Ана шу сабаб Ватанга муҳаббат ҳисси бебаҳо ва қадрдон туйғу, инсониятнинг қон-қонига сингиб кетган илоҳий неъматдир. Шу боис, Ватанни ҳимоя қилиш, унинг тинчлигини асраб-авайлаш, сарҳадлари дахлсизлигини мустаҳкамлашда ўз ҳиссасини қўшаётган юрт посбонларининг хизматлари ҳамиша эътироф этилади.


Дунё миқёсида миллий ва глобал хавфсизликка қарши таҳдидлар тобора ортиб бораётган ҳозирги мураккаб замонда ҳарбий соҳани юксалтириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий қурол-яроғ ва аслаҳалар билан таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний, маънавий-интеллектуал тайёргарлигини ошириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш энг долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.


Президентимиз Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгашининг 2018 йил 10 январда бўлиб ўтган мажлисидаги нутқида таъкидлаганидек, “Айни пайтда бутун дунёда, жумладан, ён-атрофимизда халқаро терроризм, экстремизм ва радикализм хавфи тобора ортиб бормоқда, айрим ҳудудларда қуролли тўқнашувлар ҳамон давом этмоқда. Ана шундай кескин вазиятдан келиб чиққан ҳолда, мавжуд таҳдидларга қарши муносиб зарба беришга тайёр бўлишимиз, Ўзбекистоннинг тинч ва барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида Қуролли Кучларимизни янада ислоҳ қилиш, унинг жанговар тайёргарлиги ва қобилиятини юксалтириш бўйича келгусида амалга оширадиган ишларимизни изчил давом эттиришимиз зарур”.


Шу боисдан, мустақиллик йилларида мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлиги, унинг сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш бўйича тактик ва стратегик вазифаларни самарали ҳал этишга қодир бўлган, замонавий, ҳаракатчан, ҳар томонлама яхши қуролланган армияни ташкил этиш бўйича ўзининг кўлами ва миқёсига кўра улкан ишлар тизимли, босқичма-босқич равишда амалга оширилди. 
Конституциямизнинг 125-моддасида “Ўзбекистон Қуролли Кучлари Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун тузилади”, деб белгилаб қўйилди. Бош қомусимиз асосида миллий хавфсизлигимизни таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий тизимини шакллантирувчи қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга самарали татбиқ этиб келинмоқда.


Миллий армиямизни босқичма-босқич, тизимли равишда шакллантиришда, аввало, Ўзбекистоннинг минтақамизда ва дунёда тутган геостратегик, геосиёсий ўрнини, мамлакатимиз хавфсизлигига қарши қаратилган жиддий ички ва ташқи таҳдид-хатарларни, айниқса, кучайиб, фаоллашиб бораётган халқаро террорчилик, экстремизм, тобора кўлами кенгайиб бораётган наркоагрессия, оммавий қирғин қуролларининг тарқалиши каби бало-қазоларни ҳисобга олган ҳолда, 2018 йил 9 январда давлатимиз раҳбари “Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси тўғрисида”ги қонунни имзолади. Мудофаа доктринаси Ўзбекистон ташқи сиёсатининг очиқлиги, яқин қўшниларимиз — Марказий Осиё давлатлари билан ҳар томонлама ўзаро ҳамкорлик миллий хавфсизликнинг асосий шартларидан бири эканини кўрсатади.
Ўзбекистон Республикасининг мудофаа соҳасидаги сиёсати бир қатор принципларга асосланган. Хусусан, бошқа давлатларга қарши ҳарбий куч ишлатмаслик, бундан ҳарбий тажовузнинг олдини олиш ва уни даф этиш ҳоллари мустасно, хавфсизликнинг бўлинмаслиги, ўз хавфсизлигини бошқа давлатлар хавфсизлиги ҳисобига мустаҳкамлашга йўл қўйилмаслиги, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, эҳтимол тутилган низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмаслик, ҳар қандай давлатлараро тузилмадан, агар у ҳарбий-сиёсий блок этиб ўзгартирилса, чиқиб кетиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолиш, мудофаанинг етарли даражада бўлиши, ҳарбий қурилишнинг замонавий ҳарбий можаролар хусусиятига монанд бўлиши шулар жумласидандир. 


Шунингдек, ядровий ва бошқа турдаги оммавий қирғин қуролини ишлаб чиқариш, олиш, сақлаш, тарқатиш ва жойлаштиришдан воз кечиш, Марказий Осиёда ядро қуролидан
ҳоли зона тўғрисидаги шартнома принципларига содиқлик, ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базалари ва объектларининг жойлаштирилишига йўл қўймаслик, Қуролли Кучларнинг хориждаги тинчлик ўрнатиш билан боғлиқ операцияларда ва ҳарбий можароларда иштирок этмаслиги, халқнинг маънавий-ахлоқий қадриятларига ва ўзига хос маданий урф-одатларига таяниш кабилар ҳам муҳим принциплардан этиб белгиланган.


Бугунги ёшларимиз мустақил ватанимизнинг посбонларидир. Биз навқирон авлод вакилларини баркамол, етук кишилар қилиб вояга етказсак, уларнинг ҳар бирида ор-номус, миллий ғурурни изчил шакллантириб борсак, Ватанимиз қудратли давлатга айланади.
Юрт ўғлонлари буюк бобокалонларимиз издоши бўлиб келмоқда. Улуғ аждодларимизнинг маънавий олами хусусида фикр юритганда, бутун дунёга маълум ва машҳур бўлган Соҳибқирон Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби боболаримиз ҳақида алоҳида тўхталишимиз табиийдир. Чунки Соҳибқирон Амир Темур азму шижоат, мардлик ва донишмандлик рамзи бўлган, буюк салтанат барпо этиб, давлатчилик борасида ўзида ҳам амалий, ҳам назарий мерос қолдирди, илм-фан, маданият, бунёдкорлик, дин ва маънавият ривожига кенг йўл очди. Соҳибқирон қайси бир мамлакатга лашкар тортиб борганидан қатъи назар, у адолатни ҳимоя қилган, инсоф ва диёнат учун жангга кирган.


Бугунги кунда Соҳибқирон яратган ҳарбий санъат мероси жаҳон халқларининг ҳарбий санъати меросидан муносиб ўрин олди ва янги мазмун билан бойиб бормоқда. Юртимизда ҳам ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга катта эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳамда давлат хизмати учун кадрлар захирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қарори асосида “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейлари ташкил этилгани бунинг яққол тасдиғидир.


Тарихдан маълумки, Жалолиддин Мангуберди эндигина 21 ёшни қаршилаган пайтда Ватанни озод этишдек шарафли ва оғир масъулиятли вазифа зиммасига тушади. Султон Жалолиддин юрт мустақиллигини сақлаб қолиш учун ёвларга қарши 11 йил жанг қилиб, мислсиз қаҳрамонлик кўрсатган. 
Мамлакатимизда ана шундай улуғ саркарда бобомиз номини абадийлаштириш мақсадида 2000 йилнинг 30 августида Ўзбекистон Республикасининг “Жалолиддин Мангуберди” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Бу орден билан мамлакат мустақиллигини, Ватан сарҳадларини, она юрт тупроғини ҳимоя қилишда ҳамда уни кўз қорачиғидай асрашда юксак ҳарбий маҳорат, қаҳрамонлик ва жасорат намуналарини кўрсатган, давлатимизнинг мудофаа қудратини мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшган қўмондонлик таркибига кирувчи ҳарбий хизматчилар мукофотланади.


Шунингдек, юртимизда давлатимиз мудофаа қудратини ҳар томонлама ошириш, етук ва малакали ҳарбий кадрларни тайёрлашга, Ватан ҳимоячилари, уларнинг оилалари учун муносиб шароит яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, 2019 йилнинг ўзида ҳарбий хизматчилар учун имтиёзли кредитлар асосида 116 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди. Ҳарбий хизматчиларнинг 700 дан зиёд фарзандлари олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди. Шунингдек, ҳарбий шаҳарчаларни обод қилиш, уларнинг ҳудудида замонавий инфратузилмалар барпо этиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар изчил давом эттирилмоқда.


Ана шу ислоҳотлар туфайли “Армия ва халқ – бир тану бир жон!” деган олижаноб ғоя ва амалий ҳаракат барча бўғиндаги ҳокимият ҳамда бошқарув идоралари, маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ташкилотлари, таълим-тарбия муассасалари фаолиятини, кенг жамоатчилик ҳаётини қамраб олмоқда. Бу эса, Ватан ҳимояси чиндан ҳам барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки шарафли бурчимизга айланиб бораётганидан яққол далолат беради.


Алишер ҲАМРОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчиликпалатаси депутати