“Ҳокимга ёқмоқчи бўлган депутат, яхшиси ҳокимиятга бориб ишласин” — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

“Ҳокимга ёқмоқчи бўлган депутат, яхшиси ҳокимиятга бориб ишласин”

“Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши ҳамда партия фракцияси аъзоларидан иборат ишчи гуруҳи Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси ҳамда партиянинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, Сурхондарё вилоятида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, фуқаролар мурожаатларини ҳал этиш, мавжуд муаммо ва камчиликлар ечими билан боғлиқ ҳолатларни ўрганмоқда.

Ўрганишлар доирасида Термиз шаҳрида Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши томонидан «Янги Ўзбекистон шароитида ёшлар, аёллар ва бугунги кун депутати: партия ташкилотлари ва депутатлар олдида турган долзарб масалалар»мавзуида учрашув ташкил этилди.

Учрашувда партия Марказий кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Алишер Қодиров сўзга чиқиб, халқ таълими тизими, жумладан, ўқитувчилар мақомини ошириш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш борасидаги муаммолар ҳақида гапирди.

— Сўнгги йилларда ўқитувчилар мақомини ошириш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилди, — деди партия етакчиси. — Ўқитувчиларни таълимга тааллуқли бўлмаган ишларга жалб қилишга чек қўйилди, бўлар-бўлмас текширувларга барҳам берилди. Иш ҳақлари оширилди. Аммо ўқитувчиларга ҳамон қулай меҳнат шароитлари яратиб берилмаган. Биргина мисол, мактабларда ўқитувчиларнинг дарслар оралиғида тушлик қилиб олишлари учун шароит йўқ, ҳатто бунинг учун вақт ҳам ажратилмаган.

Партия етакчиси бугунги кун депутатларининг халқ, давлат, сайловчилар олдидаги масъулиятига тўхталиб:

— Янгиланаётган Ўзбекистон шароитида ҳамма ўз ишини қилиши керак, хусусан, депутатлар ҳам. Айрим маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳокимларга ёмон кўринишдан қўрқиб, улар чизиб берган чизиқдан чиқишни истамаяпти. Яхшиси, бундай депутатлар ваколатини топшириб, ҳокимиятга бориб ишлагани маъқул.

Учрашувда бугунги кун депутатлари ўз фаолиятини янгича талаб ва таклифлар асосида ташкил қилиб, ислоҳотларда ташаббускор ғоя ва таклифлари билан фаол иштирок этмоғи лозимлиги таъкидланди.

ЎзМТДП Ахборот хизмати