Такрорий сайлов якунлари юзасидан матбуот анжумани ўтказилди — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Такрорий сайлов якунлари юзасидан матбуот анжумани ўтказилди

“Пойтахт” бизнес марказида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров журналист ва блогерлар учун партиянинг яқинда бўлиб ўтган сайловлардаги иштироки якунларига бағишланган матбуот анжумани ўтказди.

— Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган биринчи тур сайловларда партиямиз ижобий кўрсаткичга эришди, аммо иккинчи турда биз кутган натижаларга эриша олмадик, — дея гап бошлади партия етакчиси. — Демак, қаердадир хатоликка йўл қўйдик. Энди биринчи навбатда шу хатолар устида ишлаб, эртадан бошлаб бўлажак сайловга тайёргарликни бошлаймиз.

Маълумки, 22 декабрь куни “Янги Ўзбекистон — янги сайловлар» шиори остида бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 125 та сайлов округидан номзодлар Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган деб топилиб, рўйхатга олинганди.  Биринчи турда ғолиблар аниқланмагани боис 25 та сайлов округида такрорий овоз бериш белгиланган эди.

Биринчи тур якунига кўра, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси 125 та депутатлик ўрнидан 34 ўринни эгаллаганди. 5 январь куни бўлиб ўтган такрорий овоз беришда партиядан 11 нафар номзод иштирок этди ва уларнинг 2 нафари ғолиб бўлди. Натижада партиямиз Олий Мажлис Қонуничилик палатасида  36 ўринга эга бўлди.

— Ушбу натижа 2014 йилги сайловлардаги кўрсаткич билан бир хил бўлган бўлса-да, партиямиз бу сафар ижобий натижаларга эришди. Чунки, бу галги сайловларда бешта партия иштирок этди ва улар ўртасида қандай кураш бўлганига барчамиз гувоҳ бўлдик. Энг муҳими, партиямиз парламендаги ўрнини йўқотишларсиз сақлаб қолди, — деди А.Қодиров. 

ЎзМТДП халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бу гал 1212 ўринга эга бўлди. Партиянинг 2014 йилдаги кўрсаткичи 1151 ни ташкил қилган эди.

Албатта, ушбу ижобий кўрсаткичларга шунчаки эришилгани йўқ. Сайловдан сайловгача бўлган даврда партиянинг юқори органидан тортиб энг қуйи буғинлари бир ғоя остида бирлашиб, кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилди. Айниқса, бу борада оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва пиар технологиялар хизматидан кенг ва унумли фойдаланилди. Партия халққа янада яқин бўлди. Электорат билан мустаҳкам алоқа ўрнатилди. Сайловолди дастурида халқ фаравонлиги, юрт тараққиётига қаратилган мақсад ва вазифалар тўла бажаришга эришилди.

Матбуот анжумани якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.

ЎзМТДП Ахборот хизмати