«Адиблар хиёбони» интернет портали ишга тушади — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

«Адиблар хиёбони» интернет портали ишга тушади

“Ўзбекистон – буюк аллома ва мутафаккирлар Ватани, дунё тамаддуни бешикларидан бири, жаҳон моддий ва номоддий меросининг ажралмас бўлаги, маънавият ва маърифат ўчоғи, юксак ақлий салоҳиятга эга бўлган мамлакатдир.

Партия миллий ўзликни англаш ва тиклаш, жамиятда маънавий-маърифий муҳитни сақлаш ва ривожлантириш орқали сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа соҳаларда олдимизда турган вазифаларни муваффақиятли ҳал этиш мумкин, деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Сайловолди дастурида қайд этилганидек, миллий ўзликни англаш, инсон ўзлигини топиши тарихни ўрганишдан бошланади. Ўзининг миллий давлатчилик, миллий маданият ва маънавият тараққиётининг тарихий тажрибасини ўзлаштирмаган халқ миллий тикланишга қодир эмас.

Президентимиз ташаббуси билан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида барпо этилган Адиблар хиёбони ҳам ушбу вазифалар билан уйғунлик касб этиши билан аҳамиятлидир. 

8 гектардан зиёд майдонда яратилган Адиблар хиёбонининг яхлит меъморий ансамбли адабиётимиз намоёндалари учун берилган улкан баҳо ва кўрсатилган ҳурмат-эҳтиром намунасидир.

Ўзбек адабиёти тарихида ўз асарлари билан ўчмас из қолдирган адиблар кўп. Уларнинг ҳар бир асари бизнинг маънавий ва моддий бойлигимиз саналади. Ҳеч кимга сир эмаски, бугунги аксарият ёшларимиз Огаҳий, Бердақ, Муқимий, Фурқат, Беҳбудий, Авлоний, Чўлпон, Қодирий, Тўлепберген Қайипбергенов, Ибройим Юсупов каби шоир ва ёзувчиларимиз ижодидан бехабарлиги айни ҳақиқат.

Юртбошимиз таъкидлаганидек, “Адабиёт халқнинг юраги, элнинг маънавиятини кўрсатади. Бугунги мураккаб замонда одамлар қалбига йўл топиш, уларни эзгу мақсадларга илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш керак”.

 Ҳазрат Навоий бобомизнинг муҳташам ҳайкали атрофида 20 дан зиёд атоқли шоир ва адибларнинг ҳайкаллари яхлит меъморий ва бадиий композицияда, мантиқий ечим асосида жойлаштирилди.

Эндиликда ушбу хиёбонга ташриф буюрган ҳар бир юртдошимизнинг шоир ва ёзувчиларимизнинг хотираларига ҳурмат-эътиромини билдириши, шунингдек,  адиблар хиёбонини адабиёт, маърифат ва маданият масканига айлантириш, ҳар бир адиб ҳайкалини муайян олий ўқув юртига бириктириб, бу ерда очиқ дарслар, маърифий тадбирлар ўтказилиши албатта, уларнинг ижоди ва фаолияти билан яқиндан танишишни мақсад қилади. Бир бор бўлсада улар ёзиб қолдирган бой адабий мерос намуналарини мутолаа қилишга ошиқади.

Президентимизнинг “Адиблар хиёбони” деб номланган интернет портали ташкил этиш, унинг ўзбек, инглиз ва рус тилларида фаолият кўрсатиш таклифи, ташкил этилган кутубхона эса айни муддао бўлди, десак, муболаға эмас. Натижада ундан фойдаланувчиларнинг мумтоз ва замонавий асарларнинг электрон нусхалари, ёзувчи ва адабиётшуносларнинг маҳорат сабоқларидан  ҳам фойдаланиши имконияти яратилади.

Хуллас, ушбу хиёбон маънавият ва маданият масканига айланади ва бу ердан ҳақиқий адабиёт ихлосмандларининг қадами узилмайди.

Илҳом РАЖАБОВ,

ЎзМТДП Навоий вилояти Кенгаши раиси