“Адолат” СДП фракцияси аъзоси фикрини маъқулламайман — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси фикрини маъқулламайман

Куни кеча “Адолат” СДП фракцияси аъзоси, депутат М. Валиев томонидан олий таълим муассасаларидаги коррупциоген ҳолатлар, дея тасвирланган ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган мақолани ўқиб чиқдим. Муаллиф ўз мақоласида олий таълим тизимида ҳали айрим коррупцияга шароит яратиб берувчи омиллар мавжудлигини таъкидлаб,  ўз наздида бир неча мисоллар билан фикрини асослашга интилган.

Тўғри, айрим олий таълим муассасаларида мақолада акс эттирилгандек ҳолатлар мавжуддир, лекин бутун олий таълим тизимини санаб ўтилгани каби иллатлар ботқоғига ботгандек кўрсатишга уринишни маъқулламайман. Мен, олий таълим тизимида 20 йилдан ортиқ фаолият юритган педагог сифатида сўнги йилларда таълим тизимидаги ислоҳотлар замирида юқоридаги ҳолатлар барҳам топганлигини кузатмоқдаман.

Шу билан бирга, бугун халқимиз, фуқароларимиз айниқса педагогларимиз анча фаоллашган, ўз ҳақини бекорга бериб қўядиган аҳволда эмас, шуни эътиборга олиб, мукофот пулларини кимнидир туя қилишга интилиши – бугунги кун  нуқтаи-назарида бироз асосланмаган фикрдек, назаримда…

Шунингдек,  талабаларни ТТЖга жойлаштириш масаласи ҳар бир таълим муассасасида тузилган ишчи гуруҳ томонидан ҳар бир талабанинг ижтимоий аҳволи, соғлиги, доимий яшаш манзили ва бошқа бир неча параметрларни ҳисобга олиб тақсимланади ва университет(институт) Кенгаши қарори билан айрим тоифадаги талабалар яшаш учун тўловлардан озод этилади.

Муаллиф томонидан ОТМдаги умумий овқатланиш ва компьютер хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлар билан тузилган шартномалар ва бошқа ҳолатларни чуқур ўрганиб кўргач, фикр билдиришни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.

Абдумалик Акрамов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзМТДП фракцияси аъзоси