Етти ўлчаб, бир кесайлик… суд мажлисини онлайн трансляция қилиш одил судлов тамойиллари-ю қадриятларимизга қанчалик мос? — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотпи Партия логотпи

Етти ўлчаб, бир кесайлик… суд мажлисини онлайн трансляция қилиш одил судлов тамойиллари-ю қадриятларимизга қанчалик мос?

Суд жараёни — шоу эмас! Инсон тақдири ҳал бўладиган, унинг жамиятдаги ўрнини бор ёки йўқ қилиши мумкин бўлган мураккаб ҳодиса.

Айни пайтда парламент қуйи палатасига киритилган қонун лойиҳаларидан бири одамларимизни ўйлантирадиган масала – суд мажлисини радио, телевидение ва интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали онлайн, яъни тўғридан-тўғри трансляция қилишга қонун билан йўл беришни назарда тутади.

Лойиҳа келиб тушганидан бери биз депутатлар ўйлаймиз: бу ўзи қанчалик тўғри? Суд жараёни тўғридан-тўғри оммага ҳавола қилинса, тарафларнинг дарди дастурхон этилса, шаън, қадр-қиммат, конституциявий ҳуқуқ ҳисобланмиш дахлсизлик деган нарсалар, қолаверса, холислик қандай таъминланади? Миллий қадриятларимизга путур етказмайдими? Фарзандларимиз руҳиятига зиёни қанчалик? Ҳали бунга фурсат эрта эмасми? Айни масалада хорижда қандай йўл тутилган? Самараси ва натижаси қанчалик, оқибати салбий эмасми?

Халқ вакиллари — депутатларни ўйлантираётган бу каби саволлар ҳозирча жавобсиз, очиқ қолмоқда…

Ҳар қандай соҳа каби одил судловнинг ҳам асосий хусусиятларини ёритиб берадиган раҳбарий ва бирламчи қоидалари – асосий тамойиллари бор. Бу тамойиллар йиғиндиси одил судловни ҳуқуқий тартибга солишда ва амалга оширишда муҳим қалқон, пойдевор ҳисобланади. Бундан четга чиқиш нафақат шаклга, балки моҳиятига ҳам путур етказиши мумкин.

Одил судлов тамойиллари хусусияти шундаки, унда белгиланган қоидалар барчага тааллуқли. Ҳатто, қонун чиқарувчи органлар ўз фаолияти давомида демократик талаблар ҳамда анъаналар қатори ушбу тамойилларга ҳам амал қилиши лозим.

Қонунчилик палатасига яқинда келиб тушган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига судлар фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси суд ишини юритиш ошкоралиги ва аҳолининг одил судловдан фойдаланиш даражасини оширишда ахборот-коммуникация технологиялари кенг қўлланилишини таъминлаш билан боғлиқдай кўринади. Аслида-чи?

Бироқ бу каби тажриба бирор-бир мамлакатда йўқ-ку. Бу орқали судьяларимизнинг шахсини ҳам хавф остига қўймаймизми? Қайсидир маънода, профилактик аҳамият касб этади деб ўйлаганимиз эртага акси бўлиб чиқса-чи? Афсуски, қонун ижодкорлари ва мутахассислардан бу каби қатор саволларга жўяли жавоб ололмадик. Демак, ҳали бу пишиб етилмаган, чуқур таҳлил этилмаган ғояга ўхшаб кўриняпти.

Масалан, “суд мажлисини тарафларнинг мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда, онлайн трансляция қилишга фақат суд мажлисида раислик қилаётган судьянинг рухсати билан йўл қўйилади”, деган норма нимани англатади? Розилик деганими ёки бошқа нарсами? Ҳатто, жиноятларнинг тоифалари ҳам аниқ ажратилмаган. Ўта субъективликнинг ўчоғига айланиши мумкин.

Шундай экан, ҳар қандай ҳолатда ҳам бу каби жиддий масалаларда ҳамиша етти ўлчаб, бир кесган маъқул, назаримизда.

Акмал РАҲМОНОВ,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси