Пойтахтлик депутатлар ҳам тиним билмаяпти — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Пойтахтлик депутатлар ҳам тиним билмаяпти


Бугун юртимизга кириб келган коронавирус пандемиясига қарши барча бир ёқадан бош чиқариб курашмоқда. Бунда пойтахтликлар зиммасига ҳам катта масъулият юкланмоқда.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Тошкент шаҳар ва туман кенгашларига сайланган депутатлар ҳам тиним билмаяпти. Айниқса, халқ депутатлари  Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Хирожиддин Ибрагимовнинг саъй-ҳаракатлари бошқа ҳамкасбларига ўрнак бўлмоқда. Депутат «Ал-Фарғоний», «Виқор», «Йўлдош», «Ёрқин ҳаёт», «Чарағон», «Дўстлик», «Дарё бўйи», «Қурувчилар» ҳамда «Хонобод» маҳаллалари фуқароларига тиббий ниқоб ва исириқ тарқатди. «Ал-Фарғоний» маҳалласидаги «Хайрия музлаткичи»ни озиқ-овқат билан тўлдирди. Шунингдек, «Қурувчилар» маҳалласида очилган кутубхонага китоблар совға қилди.

Халқ депутатлари Юнусобод туман Кенгаши депутати Рустам Наврўзов Юртобод маҳалласининг эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам кўрсатган бўлса, Яккасарой туман кенгаши депутати Нилуфар Ҳусанбаева Абдулла Қаҳҳор маҳалласи аҳолисига антисептик маҳсулотлар тарқатди.

Мирзо Улуғбек туман кенгаши депутати, олий тоифали шифокор профессор Ёкутхон Мажидова ўз сайлов округидаги қария, ногирон ҳамда диспансер назоратида турувчи беморлар холидан хабар олди. Аҳоли орасида ваҳимага ортиқча берилмаслик, мазкур касалликдан ҳимояланиш йўллари ҳақида тушунтириш ишларини олиб борди. Ушбу туманнинг яна бир депутати Муборак Юсупова эса уйма-уй юриб, муҳтож оилаларга коронавурусга қарши ҳимоя воситалари тарқатди.

ЎзМТДП Тошкент шаҳар кенгаши матбуот хизмати