Ваҳима тарқатиш — хоинлик билан баробар — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Ваҳима тарқатиш — хоинлик билан баробар

Шу кунларда дунё аҳли ниҳоятда оғриқли дамларни бошдан кечиряпти. Айниқса, кўҳна қитъадаги эпидемиологик ҳолат европаликларни том маънода таҳликага солиб қўйди. Италия, Испания, Германия ва ҳатто АҚШ сингари етакчи давлатларда коронавирусга енгил-елпи қаралгани, фуқаролар эркинлигини чеклаш инсон ҳуқуқларини поймол қилиш тарзида баҳолангани натижасида вужудга келган вазият чиндан ҳам оғир. Хитой ва корейс халқининг вазминлик, мулоҳазакорлик ва албатта тартиб-интизомга қатъий риоя қилиши натижасида эса, аксинча, коронавирус пандемиясини енгиш мумкинлиги исботланяпти.

Пандемия билан боғлиқ маълумотлар таҳлили ҳам вазиятни реал баҳолаш ва тизимли чоралар кўриш орқалигина уни жиловлаш мумкинлигини кўрсатмоқда. Шу ўринда коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан ташкил қилинган республика махсус комиссиясининг инфекция республикамизнинг бошқа ҳудудларига тарқалишининг олдини олиш мақсадида қабул қилган кескин қарор ва чораларини фақатгина қўллаб-қувватлаш мумкин.

Маълумотларга қараганда, дунё бўйича 350 мингга яқин киши коронавирусни юқтириб олган. Энг ёмони улардан 14606 нафари вафот этган. 96 мингга яқин киши соғайган. Биргина Испанияда коронавирус билан оғриган беморлар сони 33 мингдан ошган, вафот этганлар сони эса 2 182 нафарни ташкил қилган. Айни кунларда коронавирус “ўчоғи” дея эътироф этилаётган Италия вафот этганлар сони бўйича Хитойдан ҳам ўтиб кетди: ўлим сони 3 405дан ортди.

Минг афсуски, Ўзбекистонда ҳам коронавирус юқтирганлар сони 50 нафарга етгани айтилмоқда. Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, жорий йилнинг 27 февралидан 22 мартига қадар республикага чегара орқали кириб келган 837 минг нафар фуқаро бирламчи тиббий кўрикдан ўтказилган.

Эпидемик вазият нохуш бўлган давлатлардан келган 19479 нафар шахс эса 14 кунлик тиббий карантинга олинган. Бугунга келиб, уларнинг 6748 нафарига нисбатан карантин тартиби бекор қилинган. Қолган 12731 нафари тиббий кузатувда қолмоқда. Улардан 7416 нафари тиббиёт масканларида, 5315 нафари эса уй шароитида кузатилмоқда. Албатта, коронавирус билан боғлиқ кўрсаткичларни Европа давлатлариники билан таққосласак бироз бўлса-да хотиржам бўлишимиз мумкин. Аммо мутахассислар коронавируснинг асосий ташувчиси ўзимиз эканимизни тўла англаб етмаётганимиз қимматга тушиши мумкинлигини қайта-қайта уқтирмоқдалар.

Икки карра иккидек оддий мисол: карантин марказидан қочган сурхондарёлик А.Ашуровнинг калтабинлиги оқибатида, у билан мулоқотда бўлган 8 нафар оила аъзолари карантинга олинган. Тошкент вилояти Паркент туманида яшовчи Т.Эшовнинг “ақл”лилиги сабаб эса 6 нафар оила аъзоси энди карантинда жон сақлашга мажбур. Ким ютди-ю, ким ютқазди бундай беъмани хатти-ҳаракатлардан?Очиғини айтиш керак: ҳар қанча мураккаб бўлмасин, Президентимиз қарори билан хориждаги ватандошларимиз юртимизга қайтарилмоқда. Уларни чартер рейслар орқали олиб келиш ишлари давом эттирилмоқда.

Жумладан 24-27 март кунлари Москва шаҳридан 1 тадан жами 4 та рейс (РФ маҳаллий вақти бўйича соат 17:00да), Туркиянинг Истанбул шаҳридан 24 ҳамда 27 март кунлари 2 та рейс (Туркиянинг маҳаллий вақти бўйича соат 23:00да), шунингдек, Кореянинг Сеул шаҳридан 29 март куни чартер рейс (вақти аниқланмоқда) амалга оширилади. Келгуси ҳафтада ҳам Москва, Санкт-Петербург, Туркиянинг Истанбул, БААнинг Дубай шаҳарларидан чартер рейслари орқали фуқароларимизни олиб келиш режалаштирилган.

Хориждан келаётганлар учун имкон қадар қулай шароитлар яратиляпти. Аммо айрим карантиндаги фуқароларнинг бинолардаги тартибсизликлар, ҳатто мебеллар устидаги чангни тасвирга олиб, бутун дунёга намойиш қилаётганларини ҳам кўряпмиз. Ҳа, анчадан бери фойдаланилмаган оромгоҳлар, мослаштирилган бинолар тездан очилиб, ишга туширилди. Камчиликлар бордир. Аммо бурнидан нариёғини кўрмаётган бундай кимсалар шундай хатти-ҳаракатлари билан ўз юртини шарманда қилишга уринаётганини тушинаяптимикан? Ана шундай кайфиятдаги бошқа бир динидан чиққанлар, шу юрт нонини еб, дастурхонига оёқ босаётган нонкўрлар эса ваҳимали хабарлар тарқатиб вазиятни мураккаблаштиришга уринмоқдалар. Уларнинг хатти-ҳаракатлари эса уруш давридаги хоиннинг хатти-ҳаракатига ўхшайди, аслида. Тўғри, халқимиз бундан-да минг карра оғир кунларни, ўлат ва бошқа ваболарни бошдан кечирган.

Меҳнаткаш, сабр-бардошли юртдошларимиз ушбу оғирчиликларни ҳам Худонинг бир синови сифатида қабул қилмоқдалар. Аммо ҳар қанча ўзимизни оқламайлик, айнан бугунга келиб, атрофимизга теранроқ кўз билан қарайдиган кун келганини англашимиз керак. Давлат 10 триллион ажратгани бу вирус батамом йўқ бўлиб қолади, дегани эмас. Эллик, юз триллион сарфланганида ҳам тиббиёт ходимлари талабига бўйсунмасак, ҳеч қандай фойда бермайди.Вирус чиққан жойдан бошқа жойга бормаслик, шунингдек, вирус чиққан жойга ҳам кирмаслик кераклиги айтиляпти.

Ижтимоий тармоқларда “Уйда қолинг” акцияси давом эттирилмоқда. Ниқоб тақинг, демоқда мутахассислар. Аммо биз яна ўзбекчиликка бориб, қўни-қўшни, қариндошлар билан ачом-ачом қиляпмиз. Ниқобсиз юрганлар жаримага тортилади, деб қайта-қайта уқтирилса-да, ўзимизни қўрқмас қилиб кўрсатяпмиз. Бу фарзандингиз, ота-онангиз ва атрофингиздагиларга душманлик қилишдан бошқа нарса эмас.Тўй-маъракалар тўхтатилди, бундай қарорларни қўллаймиз. Аммо баъзи ижтимоий тармоқларда кўрсатилаётганидек, Тошкент шаҳри кўчалари ҳувиллаб қолгани йўқ. Бу “Уйда қол” даъватини ҳамма ҳам бирдек тушунмаётганини англатади. Кимдир ўз телеграм каналида “Занжирни уз, уйда қол” деган гапни ёзиб қолдирибди. Бундан ортиқ яна қандай даъват керак бизга…

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бугун биз минг йиллар давомида шаклланган қадриятларимиз, яъни кексаларга ҳурмат, ёшларга эса мадад кўрсатиш орқалигина бугунги синовли кунлардан ўтишимиз мумкин.Мутахассислар кечадан бери вирус юқтирган дастлабки беморлар соғая бошлаганини эълон қилишяпти. Бу ваҳимага ўрин йўқлигини англатади. Аммо қатъий интизом, тартибларга амал қилсаккина, Худойим узоғига суюнтиради. Биз биргаликда ҳар қандай синовни кучга, қўрқувни эса иймонга айлантиришга қодир халқмиз. Уйда қолиб, яқинларингизни, қўни-қўшнингизни, жамиятни қутқаринг, деган даъватлар қуруқ гап эмаслигини ёдда тутайлик.

Зеро, бугун барчамиз “БИРМИЗ! ҚАЛБАН БИРГАМИЗ!”

Миродил АБДУРАҲМОНОВ,

“Миллий тикланиш” демократик партияси раиси ўринбосари