Cаховатпеша инсон ёрдами билан Жаҳонгир оёққа турмоқда — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Cаховатпеша инсон ёрдами билан Жаҳонгир оёққа турмоқда

Бугунги кунда юртимизда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган улуғвор ғоя ҳаётга татбиқ этилиб, самарали натижаларга эришилаяпти. Хусусан, барча раҳбарлар, одамлар ишонч билдирган депутатлар халқ орасига кириб, аҳолининг дарду ташвишларини тинглаб, уларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этиш мақсадида ҳудудларга ташриф буюрмоқда.

Халқ депутатлари Навбаҳор туман Кенгаши депутати Азимжон Ёрқулов ўзи сайланган маҳаллада бўлиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар холидан хабар олди. Депутат “Қизилтепа” маҳалласи Ижанд қишлоғида яшовчи Жамол Хайруллаев хонадонида ҳам бўлди. Боиси бир неча ойдирки ушбу оила вакиллари қийин синовни бошдан кечирмоқда. Оиланинг тўнғич фарзанди — 2009 йилда туғилган Жаҳонгир халқ тилида оққон деб аталадиган касалликка чалинган. Мана уч ойдирки мактабга ҳам боролмайди. У узоқ вақт даволаниш ва катта маблағни талаб этадиган хасталик билан курашмоқда.

Депутат оила вакиллари билан учрашганда Жаҳонгирни даволатиш учун 45 млн. сўм зарурлиги, бу маблағни йиғиш учун ҳатто яшаб турган уйини ҳам сотувга қўйганлиги тўғрисидаги маълумотлардан хабардор бўлди. Шундан кейин А.Ёрқулов вилоятдаги саҳоватпеша  инсонларга мурожаат қилиб, мазкур оилани ҳар томонлама, ҳам маънан, ҳам моддий қўллаб-қувватлашга чақирди ва 1 март куни “Хайрия акция”си бошланди.

Халқимиз меҳр-оқибатли, мурувватли халқ. Шу боис, азалдан ижтимоий ҳимояга муҳтожлар, кексаларга юксак ҳурмат ва эътибор кўрсатиб келинган.

Орадан икки кун ўтиб акция ўз самарасини берди ва Навбаҳор туманидан саховатли инсон топилди. Депутат ушбу инсон билан боғлаганда у Жаҳонгирни даволаниши учун зарур маблағни беришини, фақат кимлигини сир тутишини, бола соғайиб кетса шунинг ўзи унинг учун катта мукофот эканлигини таъкидлайди.

Маблағ туман ҳокими Л.Облоқулов ва А.Ёрқулов томонидан оилага етказилди.

Маълумотларга кўра, ҳозирда Жаҳонгир даволаниш амалиётининг биринчи босқичини якунлаб, иккинчи босқичини ўтмоқда ва оёққа турмоқда.

ЎзМТДП Навоий вилояти кенгаши ахборот хизмати