Давлат органлари фаолиятида бола ҳуқуқларига риоя этилиши мониторинг қилинади — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Давлат органлари фаолиятида бола ҳуқуқларига риоя этилиши мониторинг қилинади

2020 йил 29 май куни «Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори билан мамлакатимизда
бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш ва ушбу соҳадаги халқаро мажбуриятларни бажаришнинг таъсирчан тизимини яратиш бўйича залворли қадам қўйилди, дейиш мумкин.

Зеро, қарорнинг айнан 1 июнь «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» арафасида қабул қилинганлиги ҳам байрамга муносиб туҳфа бўлди.

Хабарингиз бор, Президентимизнинг 2019 йил 22 апрелдаги “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилган эди.

Куни кеча қабул қилинган қарор билан эса бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ваколатлари, ҳуқуқлари ва вазифалари белгилаб берилди.

Унга кўра, эндиликда бола ҳуқуқлари бўйича вакил Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини бажариш стратегиясини ва бола ҳуқуқлари масалалари бўйича бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади. Бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлайди.

Ўз ваколати доирасида бола ҳуқуқлари ва эркинликлари халқаро стандартларини қонун ҳужжатларига татбиқ этишни ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятида бола ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилади.

Энг муҳими, анчадан бери вояга етмаган шахслар ўртасида катта муаммо бўлиб келаётган, имконияти чекланган болалар, шунингдек, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг тарбия муассасаларини тамомлагандан кейин уларнинг ижтимоий мослашувига кўмак берилади.

Тарбия муассасаларини тамомлаган уй-жойга муҳтож етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг мақсадли коммунал уй-жой фондидаги белгиланган санитария ва техник меъёрларга ҳамда қонун ҳужжатларининг бошқа талабларига жавоб берадиган турар жой билан таъминланишига ёрдам беради.

Мамлакатимизда олиб борилаётган шиддатли ислоҳотлар замирида ушбу қарор ҳам, энг аввало, юрт келажаги ҳисобланган каттаю кичик болажонларнинг бугунгидан-да бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришлари билан бирга ватанимизнинг янада тараққий этишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида жисмонан ва руҳан соғлом ёш авлодни тарбиялаб вояга етказиш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ва мазкур муассасаларда болаларнинг ҳар томонлама интеллектуал, эстетик ва жисмоний ривожланиши учун шароитларни тубдан яхшилаш, болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш даражасини ошириш, педагог ва мутахассислар малакасини юксалтириш, болаларнинг руҳий-маънавий дунёси ва маданий савиясини ўстириб бориш каби муҳим вазифалар белгиланган.

«Миллий тикланиш» демократик партияси ташкилотлари ва маҳаллий Кенгаш депутатлари мамлакатимизда бола ҳуқуқларининг таъминлашида фаол иштирок этади.

Аҳрорбек АКБАРОВ,
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Наманган вилоят Кенгаши мутахассиси, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси.