Депутат сўнги чорами? — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Депутат сўнги чорами?

Замон талабларидан бири ҳозирги кунда тозалик, ободлик ҳисобланади. Маҳаллангиз, кўчангиз, уйингизга қадам босган одамнинг сиз ҳақингиздаги илк таассуроти – биринчи навбатда тозаликка қараб белгиланади.

Озода, обод маҳалладагина тинчлик, осойишталик, шу ҳудуд кишиларининг диди, фаросати ҳам барқ уриб, кўриниб тургандек бўлади. Бир сўз билан айтганда, саришталик – инсонга берилган баҳо. Шундай фикрлардан келиб чиқиб, Наманган шаҳри Шаршара МФЙ, 35-уй 36 та хонадонда истиқомат қилувчи кўзи ожизлар жамияти аъзолари уйлари қаршисини «чиқиндихонага» айланиб қолганидан шикоят қилиб, тегишли ташкилотларга кўп ва хўп айтишди.

Афсуски, натижа чиқмади. Кимнингдир маслаҳатига кўра, ЎзМТДПдан халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгаши депутати Шамсиддин Қаюмовга ҳам мурожаат қилиб кўришди. Ва тез орада муаммонинг ижобий ечим топганидан депутатга бўлган ҳурматлари ошди.

Наманган шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Б. Жабборов, вилоят «Тоза ҳудуд» ДУК директори Ф. Ибрагимов, шаҳар «Тоза ҳудуд» ДУК филиали бошлиғи Д. Воҳидовларга депутатлик сўрови юборган Шамсиддин Қаюмов муаммони тезроқ бартараф этишга чақирди.

Дарҳол ҳудуд атрофи чиқиндилардан тозаланиб, махсус чиқинди тўкиш идишлари келтириб қўйилди. Атроф-муҳитга тоза ҳаво қайтиб, одамларнинг кўнглига ёруғлик инди. Кўзи ожиз инсонларда кўнгил кўзи очиқ бўлади, уларнинг қалблари нозик бўлади. Улар берилган бу эътибор ва ижобий ечимдан беҳад хурсанд бўлишди.

Депутат – давлат ва халқ ўртасида ҳамиша кўприк вазифасини сидқидилдан ўтасагина, унга бўлган ишонч ортиб, меҳнати халқ дуолари билан қадрланиб бораверади.

ЎзМТДП Наманган вилоят кенгаши ахборот хизмати