Депутат сўрови натижасида мурожаатчига уй қуриб берилади — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Депутат сўрови натижасида мурожаатчига уй қуриб берилади

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан халқ депутатлари Бойсун туман Кенаши депутати Самад Баҳовиддиновга «Шўрсой» маҳалласида яшовчи фуқаро Қ.Aмонов томонидан синглиси З.Бозоровага уй-жой қуриб берилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат бўлган эди.

Бу масала аввал депутат томонидан атрофлича ўрганиб чиқилганида, фуқаро З.Бозорованинг ногирон эканлиги, турмушга чиқмаганлиги сабабли 2018 йилгача ота уйида яшаб келгани ва ўша йили укаси Ч.Aмонов томонидан опасига эски уйни бузиб, ўрнига янгисини қуриб бериш ваъдаси билан ота уйини бузиб, ўзига уй қургани ва ногирон опасини кўчага ҳайдаб чиқаргани маълум бўлди.

Ўрганиш натижасида депутат С.Баҳовиддинов тумандаги 4-сектор раҳбарига депутат сўрови юборди. Сектор раҳбари эса депутат ва бошқа масъул раҳбарлар иштирокида масалани жойига бориб ҳал этиш таклифини билдирди.

Шундан сўнг тумандаги 4-сектор раҳбари Б.Aкрамов, туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи С.Жўрақулова, ЎзМТДП туман кенгаши етакчи мутахассиси Б.Собиров, «Шўрсой» маҳалласи раиси Е.Қулматов ва маҳалла фаоллари биргаликда мурожаатчининг уйига боришди. Масала узил-кесил ўртага ташланиб, тушунтиришлардан сўнг муаммога ечим топилди. Яъни фуқаро З.Бозоровага ўз ота уйининг бир томонидан қисқа вақт ичида ихчамгина уй қуриб беришни ака-укалари ва маҳалладаги фаоллар ўз зиммаларига олишди. Маҳалла томонидан фуқарога бир марталик ёрдам пули ҳам бериладиган бўлди. Уйнинг қурилиш ишларини назорат қилишни эса депутат ўз зиммасига олди.

Хуллас, икки йилдан буён ўз ечимини кутаётган муаммо депутат кўмаги билан бир кунда ҳал этилди.

Шунингдек, депутат Самад Баҳовиддинов томонидан «Шўрсой» маҳалласи фуқаролари мурожаатлари асосида узоқ йиллардан буён аҳолини қийнаб келаётган ичимлик суви ва йўл муаммолари ҳам ҳал қилинди.

ЎзМТДП Сурхондарё вилоят кенгаши Ахборот хизмати