Фарзандингиз қандай ўйинчоқ ўйнамоқда? — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Фарзандингиз қандай ўйинчоқ ўйнамоқда?

Бугун мамлакатимизда ёшлар таълим-тарбиясига, уларнинг маънан ва жисмонан соғлом, баркамол бўлиб улғайишларига катта эътибор қаратилмоқда. Улар сирасига болалар ўйинчоқларига бўлган эътибор ҳам киради. Сабаби, болалар ўйинчоқлари халқ ҳаётини акс эттирувчи, унинг маънавий қадриятлари ва маданий тажрибасини асрлар давомида аждодлардан авлодларга етказиб берувчи бадиий воситалардан биридир.

Дарҳақиқат, дунёга келиб, унга ҳайрат кўзи билан боқиб, ўзига маъно топишга интиладиган мурғак қалб болажонларнинг “ўйинчоқ” образи орқали тасаввури, дунёқараши ва ҳаётга муносабати шаклланади.

Илмий хулосалар шуни кўрсатадики, инсон бутун умри давомида оладиган барча ахборотнинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврда қабул қилади. Илк ҳаётий тасаввурлар, инсон тафаккурига пойдевор бўлувчи тушунчалар болалар онгига айнан шу пайтда сингади. Шунинг учун бўлса керак, азалдан ўйинчоқларнинг таълим ва тарбиядаги аҳамияти, уларга қўйилган талаблар педагог, олимлар, тиббиёт ходимлари, руҳшунослар томонидан илмий даражада ўрганилган.

Болаликни ўйинчоқларсиз тасаввур этиш қийин. Зеро, ўйинчоқ болажонларнинг энг яқин “маслакдош”и, дўсти. Маълумотларга кўра, ҳар йили дунё бўйича 3 миллиарддан ортиқ ўйинчоқлар ишлаб чиқарилиб, сотилади. Юртимизда ўйинчоқ ўйнаш ёшидаги болалар сони 4,5 миллиондан зиёд. Ушбу кўрсаткичлардан кўриниб турибдики, бугунги кунда болажонлар ўйинчоқ ва қўғирчоқларига бўлган эътибор ҳамда талаб тобора ортиб бормоқда.

Савол туғилади: Хўш бугун бизнинг болажонларимиз қандай ўйинчоқлар ўйнашмоқда? Бундай ўйинчоқлар бизнинг маънавиятимиз, менталитетимизга қанчалик тўғри келади, болалар тарбиясига қандай таъсир қилади?

Республикамизда ўйинчоқлар ишлаб чиқарувчи корхоналар, “Устоз-шогирд” анъаналари асосида миллий ўйинчоқлар ясаш сирларини авлоддан-авлодга етказиб келаётган уста-ҳунармандлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, қулай шароитлар яратиб берилгани ҳолда, турли кўргазмаларда улар томонидан миллий қўғирчоқларимиз намойиш этилиб келинмоқда.

Аммо ҳали ҳам кўплаб дўконларимиз пештахталари бизнинг менталитетимизга ёт, болаларнинг камолотига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ўйинчоқлар билан банд, десак янглишмаймиз. Барчамизга маълумки, бу турдаги ўйинчоқлар бола онгида қўрқув ва аксинча, ёвузлик кайфиятини уйғотади.

Бугунги мураккаб, ғоявий ва ахборий кураш авж олиб бораётган даврда ёшлар тарбияси, айниқса, уларни турли зарарли таъсирлардан асраш муҳим масала ҳисобланади. Бу даврда турли ғоялар, маънавий ва мафкуравий таҳдидлар ўйинчоқлар тимсолида турмушимизга сездирмасдан кириб келаётганлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Бу борада 2020 йил 26 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган «Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон айни муддао бўлди.

Фармонга мувофиқ, Республика қўғирчоқ театрига Ўзбек Миллий қўғирчоқ театри номи берилди. Навоий, Наманган, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида қўғирчоқ театрларини ташкил этиш белгиланди.

Бола қалбида миллий қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ҳисси ривожланадиган паллада уларнинг доимий шуғулланадиган машғулотлари – ўйинчоқларига эътиборсизлик йиллар ўтиб салбий оқибатларни намоён этади. Келажагимиз ворисларини аждодларимизга муносиб, баркамол бўлиб етишишларига масъул эканлигимизни барчамиз бир лаҳза ҳам унутмаслигимиз шарт. Чунки, бугун кўрсатилган меҳр-муҳаббат ва тарбия, эртага албатта, ўз самарасини беради.

Шахбоз НИЗАМУДИНОВ,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Чиноз туман Кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати