Сепида икки сандиқ китоб олиб келган келинчакнинг йўлини тўсманг! — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Сепида икки сандиқ китоб олиб келган келинчакнинг йўлини тўсманг!

Шу йилнинг феврал ойи бошларида Сирдарёга қилинган сафар Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгашининг биринчи пленуми ўтказилаётган паллага тўғри келиб қолди. Унда маъруза қилган партиянинг вилоят кенгаши раиси Норбобо Соатов 2019 йилдаги фаолият, йўл қўйилган камчиликлар, мавжуд муаммоларга батафсил тўхталиб, баъзи фаоллар, депутатлар, туман кенгашлари масъуллари фаолиятига кескин танқидий мунособат билдирди. Шу билан бирга фидоий, ўз устида тинмай ишлайдиган, партия ғояларига содиқ, энг асосийси сайловлар арафасида халққа берган ваъдаларини унутмай ишлаётганларни ҳам эътироф этди. Ана шу эътироф этилганлар орасида партиянинг Сайхунобод тумани кенгаши депутати Гавҳарой Ҳусанова ҳам  бор эди…

— Ҳеч эсимдан чиқмайди, — дейди туман кенгаши раиси Ботир Қаршиев. — 2018 йилнинг 18 апрелида тумандаги 23-умумтаълим мактабида тадбир ўтказдик. Унинг якунида партиянинг мақсад-вазифалари, бугунги кундаги роли ҳақида йиғилганларга батафсил сўзлаб бердик. Шу кун педагогик жамоанинг 18 нафари партияга аъзо бўлиш ҳақида ариза берди. Улар орасида ушбу мактабнинг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Гавҳарой Ҳусанова ҳам бор эди.

Раиснинг таъкидлашича мактабда тез орада бошланғич партия ташкилоти тузилиб, унга Гавҳарой раҳбар этиб сайланди. Шундан сўнг нафақат бу ерда, балки Ўзбекистон маҳаласида ҳам ишлар жонланиб кетди. 

…2005 йилда туманнинг чекка Ахчоп қишлоғидан Ўзбекистон маҳалласига келин бўлиб тушган Гавҳарой ота уйидан ўз сепига қўшиб, икки сандиқ китоб ҳам келтирганини, кейин уни маҳалладагиларга тарқатганини, бироз ўтиб, қишлоқда мўжазгина уй кутубхонаси ташкил этганини ҳамқишлоқлар ҳанузгача мамнуният билан эслашади. Энг қувонарлиси, бу жараён кенг миқёсда ҳамон давом этмоқда. 

— 2018 йилда “Агробанк”нинг Сирдарё вилоят филиалидан олинган тўққиз юз миллион сўм кредит, ўз шахсий жамғармамиздан сарфланган беш юз миллион сўм маблағ эвазига маҳалланинг Учқун қишлоғида “Мумтоз” номли кутубхонани ташкил этдик, — дейди қаҳрамонимиз. — Ҳозирда бу масканда 170 турдаги ўн мингга яқин китоб бор бўлиб, туман ва қўшни қишлоқлар аҳлига хизмат кўрсатиб келмоқдамиз. 

Икки қаватли, замонавий услубда қурилган бинони айланар экансиз, бу ерда нафақат кутубхона, балки болалар майдончаси, тикувчилик цехи, эркаклар ва аёллар сартарошхонаси, пойабзал таъмирлаш устахонаси, озиқ-овқат дўконлари каби шахобчаларга ҳам кўзингиз тушади. 

2019 йилда бўлиб ўтган сайловларда Г.Ҳусановага катта ишонч билдирилиб, у партиянинг Сайхунобод туман кенгаши депутатлигига сайланди. Унинг ташаббуси билан Учқун қишлоғида қишлоқ врачлик пункти ташкил этилди. “Мумтоз” кутубхонаси биносидан хона ажратилиб, унга бир нафар врач ва икки нафар ҳамшира бириктирилди. Одамлар 18 километр йўл босиб, туман марказидаги шифохонага қатнашдан қутилишди. 

Маҳалланинг тўртта кўчасида яшовчи аҳолини тоза ичимлик суви муаммоси қатор йиллардан буён қийнаб келарди. Депутатнинг саъйи-ҳаракати билан бу кўчаларга сув келтирилди. 

Бундан ташқари унинг елиб югуришларидан сўнг Учқун қишлоғидаги Тантана кўчасига тўлиқ шағал ётқизиш ишлари 2020 йилнинг биринчи чорагидаги дастурга “михлаб” қўйилди. Бунинг учун бир неча йиллардан буён бу ишни пайсалга солиб келаётган туман Ободонлаштириш бошқармаси раҳбарига биргина депутатлик сўрови “кифоя” қилди, холос. 

Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

ЎзМТДПнинг 2018 йилдаги “XXI аср аёли” республика кўрик-танловининг мутлоқ ғолиби, “Ўзбегим аёли — 2020” Миллий мукофотининг “Энг маърифатли аёл” номинацияси совриндори, Шуҳрат медали соҳибаси Гавҳар Ҳусанова ҳақида ҳали яна кўп ва хўп “гапиришни” азиз муштарийга ваъда қилган ҳолда мақолани шу ерда мухтасар қилдик. Зотан, у ҳақида нафақат туману қишлоқлар, қолаверса, вилоят аҳли фақат ва фақат эзгу фикрларни билдирмоқда.

Дилобар КАТТАБЕКОВА,

ЎзМТДП вилоят кенгаши котиби

Абдуғаффор ОМОНБОЕВ,

журналист