Ўзбекистон-Япония: ўзаро ҳамкорликнинг муҳим даври — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Ўзбекистон-Япония: ўзаро ҳамкорликнинг муҳим даври

Давлатимиз раҳбари Япония Бош вазири Синдзо Абэнинг таклифига биноан, расмий ташриф билан Кунчиқар мамлакатида бўлдилар. Ушбу ташриф ҳар икки мамлакат раҳбарлари ўзаро муносабатлар тарихида муҳим воқеа, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-техникавий ва технологик соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришда янги давр бошланганини ҳамда муҳим қадам қўйилганини англатиши билан аҳамиятли бўлди.

Ташрифнинг яна бир эътиборли жиҳати сифатида давлат раҳбарларининг ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш, инвестициявий, технологик ва молиявий-техник ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги мақсадлари бир хиллигини ҳам қайд этиш лозим.

Айниқса, ташриф доирасида бўлиб ўтган ишбилармонлик ва бизнес соҳасидаги тадбирларнинг натижалари алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Бинобарин, Япониянинг етакчи компания ва банкларининг тўғридан-тўғри инвестициялари ҳамда илғор технологияларини жалб қилган ҳолда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш борасида келишувларга эришилганини таъкидлаш жоиз.

Бу лойиҳалар, энг аввало, Япониянинг илм-фан ва юқори технологиялар соҳасидаги илғор ютуқларини Ўзбекистон иқтисодиётига йўналтиришга қаратилгани билан ҳам эътиборлидир.

Давлатимиз раҳбарининг Японияга ташрифи доирасида тадбирларни, музокараю учрашувларни кузатар эканман, ушбу мамлакат тараққиётининг муҳим асосларидан бири бўлган компания ва ташкилотларни бошқариш соҳасидаги ютуқлари борасида баъзи мулоҳазалар туғилди.

Япония иқтисодиётида, жумладан, илғор технологиялар, инновацион ишланмалар, илм-фанга асосланган ҳолда юқори сифатли, харидоргир товар ва маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда хизматлар кўрсатиш соҳаларида бугун эришилган ютуқлар дунёда «Япон мўъжизаси” деб аталиши барчамизга маълум ва машҳурдир.

«Япон мўъжизаси»нинг яна бир энг асосий омили, бу бошқариш тизимларининг ўзига хос ташкил этилиши ва ривожлантирилиши билан боғлиқдир. Ташкилотларда ва умуман, жамиятда шаклланган маданият — одамлар ўртасидаги ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик, дўстона муносабатлар чуқур қарор топган, қадр-қиммат масаласи юқори даражада қадрланади.

Бу эса, ўз навбатида, ўзбек ва япон халқларининг ўхшаш жиҳатлари кўп эканидан, жумладан, миллий ва ахлоқий қадриятлар, бирдамлик, меҳнатсеварлик, меҳр-оқибат каби фазилатлар халқларимиз учун бирдек хос эканидан далолат беради.

Японияда шакллантирилган бошқариш тизими ва усулларининг ғарб мамлакатларидан асосий фарқи уларнинг инсонга қаратилганида ҳамда ягона организм каби ишлашида бўлиб, асосан бир қатор аниқ мақсадларга йўналтирилган. Хусусан, ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳисобига иқтисодиётнинг камхаржлигини таъминлашга катта эътибор қаратилади. Маҳсулот сифатини мунтазам ошириб бориш, маҳсулот ва хизматларнинг истеъмолчига қулайлигига эришиш, белгиланган мақсадлар атрофида бутун жамоани жипслаштириш, жамоада оқилона ижтимоий-псиҳологик муҳитни яратиш, жамоа аъзоларини бошқариш жараёнларига тўла жалб қилишга эришиш ва бошқалар бош мақсадлар сирасига киради.

Тўғри, Япония бошқарув тажрибаси назарий жиҳатдан ҳам, амалий жиҳатдан ҳам мутлақо янги, такрорланмас, ғаройиб эмас. Аммо японлар бошқарув илми тамойилларини кундалик фаолиятида оддийгина қилиб қўлламоқда. Ютуқ — шунда! Мисол учун, иши юришмаган «Nissan» компанияси бошқарувини ўз қўлига олган ва уни 1-1,5 йил ичида инқироздан чиқара олган топ-менежер Карлос Горн ўзининг «Мен Японлардан нимани ўргандим?» мавзусидаги чиқишида қуйидаги тўртта асосий омилни келтирган:

1. Японлар олдига ўта мураккаб вазифа ва масалаларни қўймасликка интилади, чунки улар оддийлика ўрганган.

2. Устувор масалаларни аниқ белгилаш.

3. «Жамоада ишлаш»дек японча хусусиятни ҳисобга олишнинг ўта муҳимлиги, яъни барча даража (поғоналарда), бўғин, бўлим ва ходимлар орасида келишиб ишлаш ҳамда ҳамкорлик қилишнинг зарурлиги. Бирор нарсадан, янгиликдан фақат ўзининг кўнгли тўқ бўлишининг етарли эмаслиги, балки барча жамоа аъзоларини ундан хабардор қилиш ва уларни бунга ишонтиришнинг зарурлиги.

4. Янгича фикрлайдиган, изланувчан ва ташаббускор кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш ва янгилаш асосида бошқариш(менежмент)ни мунтазам такомиллаштиришнинг лозимлиги.

Албатта, оддий, бироқ кучли салоҳият, темир интизом, асл ватанпарварликка асосланган ана шундай қоидалар туфайли Кунчиқар юрт бугунги тараққиётга эришди.

Президентимизнинг расмий ташрифи доирасида савдо-иқтисодий, инвестициялар ва бизнес соҳаларида эришиладиган келишув ҳамда шартномалар мамлакатимиз иқтисодий-ижтимоий ривожида алоҳида аҳамиятга эга бўлиш билан бир қаторда, Япония компанияларининг бошқарув соҳасидаги илғор тажрибаларини иқтисодиёт соҳаларига кенг жорий этилиб, ёйилишига ҳам жиддий туртки беради деб ишонаман.

Абдурашид ТЎХТАБАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати