Китоб ўқимаган одам… — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Китоб ўқимаган одам…

Уни болалагиданоқ биламан. Ҳамқишлоқмиз. Олий даргоҳни тугаллаб, мутахассислиги бўйича ҳеч қанча ишламай хорижни ихтиёр этди. Амал-тақал қилиб ўша ёқларга ишга кетди. Узоқ йиллар ўзга юртларда ишлади. Вақти соати келиб, яна юртга қайтди. Ахир кўздан нур, белдан қувват кетгандан сўнг ўз юртингдан бошқа қаерга ҳам сиғасан?

Ана шу қадрдонимиз хориждан қайтганидан сўнг биз каби эски таниш-билишларини уйига чорлади. Омонлашиб, одатий ҳол-аҳвол сўрашганимиздан сўнг у хориж таассуротларини сўзлай туриб, у ёқда топганларига бу ерда қурган уйлари-ю, олган машиналари ҳақида роса “нутқ ирод қилди”.

Суҳбат асносида эътибор берганим у бирон марта бўлса-да уй, оила, фарзандлар таълим-тарбияси, уларнинг маънавияти ҳақида лом-мим демади. Мен эса ундан бу ҳашаматли уйда нечта китоб борлиги, умуман охирги марта фарзандларига қачон китоб олиб берганлиги, шахсан ўзи охирги маротаба қандай китоб ўқиганлиги ҳақида сўрадим.

Кутилмаганда даврага шундай сукунат чўкдики, ўзим билиб-билмай бу саволни умумдаврага бериб қўйганлигимни кечроқ англадим. Ишонасизми, ўша пулдор қадрдонимиз тугул даврада ўтирганларнинг биронтаси ҳам ўз боласига қачон китоб олиб берганлигини эслай олмади… Биласизми, китоб ўқимаган одам фикрламайди. Тўғрими-нотўғрими ҳар бир ишда ўзини ҳақ ҳисоблайверади. Энг ёмони ўқимаган одамни ҳар қандай йўлга осонгина бошлаш мумкин.

Оми одам ҳар қандай қопқонга тушаверади. Бу эса баъзи қаричи узун, нияти бузуқ нобакорларга жуда қўл келади. Оловни ўша оми соддалар қўли билан ёқиб, чўғини ҳам уларга ушлатиб қўядиганлар бундан зўр фойдаланишади. Хориждами, ўзимиздами ишлаб пул топганлар, топаётганлар қаддини урсин. Топгани яхши кунларига буюрсин.

Лекин… лекин ўша яхши кунлар кўп ва мўл бўлиши учун аввало ота-она қўлига китоб олиши, сўнгра боласига китоб олиб бериши шарт!

Ахир китоб ўқиган бола дунёга зийрак боқади, мустақил фикрлайди, бировларнинг етовига юриб кетавермайди.

ЎзМТДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси Норбобо Соатовнинг фикрларини журналист Абдуғаффор ОМОНБОЕВ оққа кўчирди