Ҳунармандлар тадбиркорлик мақомидан чиқариладими? — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Ҳунармандлар тадбиркорлик мақомидан чиқариладими?

Кармана туманидаги Ҳунармандлар марказида «Ҳунармандчилик фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда мамлакатимизда миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий санъатини ривожлантириш, банд бўлмаган аҳолини, айниқса, ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилаларни ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалалари муҳокама қилинди. «Ҳунармандчилик фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси, қонуннинг мақсади, унда белгиланган меъёрларнинг мазмун-моҳияти ҳақида ахборот берилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, “Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида юксак эстетик қимматга эга бўлиб келган миллий ҳунармандчилик турларини қайта тиклаш ва ривожлантириш, қадимги бадиий-ҳунармандчилик мактаблари анъаналарини сақлаб қолиш, ҳунармандлар мақомини тадбиркорликдан ажратишга алоҳида эътибор қаратилган. «Ҳунармандчилик фаолияти тўғрисида»ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.

Учрашувда вилоятда фаолият юритаётган уста-ҳунармандлар, соҳа вакиллари ўзларини қийнаб келаётган турли масала ва муаммолари бўйича фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

– Навоий шаҳрида ўн йилдан буён кўрпа-тўшак тикиб, сотиш билан шуғулланиб келаман, – дейди ҳунарманд Зебинисо Ражабова. – Лекин Марказий деҳқон бозор ҳудудида жой йўқлиги сабаб маҳсулотларимни кўчада сотишга мажбурман. Бугунги учрашувда ер-жой ажратилишида ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Бу масала бўйича вилоят ҳокимлиги томонидан ҳунармандлар учун ер ажратиш чоралари кўрилаётгани билдирилди.

Тадбирда Кармана тумани «Ҳунарманд» уюшмаси аъзоси Марям Аъзамова асосий муаммолардан бири бу, олинаётган банк кредитини таъминотчига ўтказилиши ва у орқали зарур ҳомашёни қиммат нархда сотиб олиниши, янги қонун лойиҳасида бу борадаги масала ижобий ҳал этилишига доир банд киритилса, мақсадга мувофиқ бўлиши, шунингдек, ҳунарманд маҳсулотларини сотиши учун расталарга ҳам эга бўлиши тўғрисида тўхталиб ўтди.

Шунингдек, Учқудуқ тумани «Ҳунарманд» уюшмаси раиси Зебинисо Шарипова ҳудудда «Уста-шогирд» анъанаси асосида ҳунармандчиликни ўрганаётган хотин-қизлардан суғурта бадали олиниши ёки йўқлиги тўғрисида мурожаат қилди.

Учрашувда иштирокчиларнинг саволларига мутахассислар томонидан жавоб қайтарилиб, ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, уюшма аъзоларини қўллаб-қувватлаш ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

ЎзМТДП Навоий вилояти Кенгаши Ахборот хизмати