“Миллий тикланиш” ўз сўзидан қайтмайди! — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотпи Партия логотпи

“Миллий тикланиш” ўз сўзидан қайтмайди!

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнлари сиёсий партияларнинг давлат бошқарувидаги ролини кучайтирмоқда. Миллий қонунчилигимизда бўлажак сайловларда депутатликка номзодлар фақат сиёсий партиялар томонидан илгари сурилиши қатъий белгилаб қўйилгани ҳар бир партия зиммасига катта масъулият юклайди.

Партиялар учун рақобатга бой сайловолди курашга киришиш – ўз сайланган вакиллари орқали давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирок этишни англатади. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимизда кечаётган туб ўзгаришлар, ислоҳотлар изчиллиги ва барқарор ривожланишни, инсон ва унинг манфаатлари устуворлигини таъминлашда партияларнинг ролини кучайтиришга хизмат қилади.  

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ташқи сиёсат соҳасида қўшни давлатлар билан дўстлик ва ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлашни асосий вазифалари қаторига қўяди. Зеро, тинчлик ва барқарорлик ҳукмрон давлатда юксалиш, ривожланиш бўлади.

Кучли демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидан дадил одимлаётган юртимизда давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, ҳар бир инсон бугунидан рози бўлиб яшаши керак. Халқнинг  бугунидан кўнгли тўлиб, эртага умид кўзи билан боқиши эса ислоҳотларнинг қай даражада амалга оширилаётгани, улар қай даражада халқнинг корига яраётгани билан белгиланади. 

Давлат ва ҳокимият бошқарувидаги ҳар бир ташкилот вакили бугун халқ билан бирга бўлиб, уларнинг муаммо ва ўй-ташвишларига шерик бўлмоқда, амалий ечими борасида иш олиб бормоқда. Партиямиз ҳам мазкур жараёнда муносиб ўринга эга бўлган фаоллари ва вакиллари билан аҳолининг турли қатламлари орасига кириб бормоқда. Ўзбекистон фуқароси бўлган ҳар бир ёшнинг мамлакат тақдирига дахлдорлик туйғуси билан камолга етишида камарбаста бўлмоқда.

Миллий ўзликни англаш миллий ғоя атрофида халқнинг миллат ва элат сифатида шаклланишини таъминлайди. Бу ғоя аждодларимиз ёдини муқаддас билиш, улар билан фахрланиш ва эртанги авлодни ҳам буюк аждодлари қаторида кўришни англатади.

Партия танлаган йўлга кўра, дунё нигоҳида турган Ўзбекистон шундай мамлакат бўлиши керакки, унда шахснинг ҳуқуқлари ва манфаатларини том маънода кафолатловчи ҳуқуқий механизмлар ишлаши, демократик жамиятнинг энг асосий кўрсаткичи ҳисобланган фикр ва сўз эркинлиги тўлиқ амалга ошиши, қонун устуворлиги, хусусий мулкнинг дахлсизлиги, фуқаролар, биринчи навбатда, ёшлар учун кенг истиқболлар, ўз устида ишлаш учун шароит ҳамда имкониятлар яратилиши, ҳар бир фуқарода шахсий муваффақиятга ва ўз оиласи фаровонлигига эришиш имконияти бўлиши, миллий маънавият аждодларимизнинг бой маънавий мероси негизида юксалтирилиши ва тарғиб этилиши, миллий иқтисодиётда эркин бозор муносабатлари шакллантирилиши лозим.

Мамлакат тараққиёти, фаровонлиги ва ривожи йўлида устувор саналган ушбу муҳим вазифалар партиянинг халқ олдида турган, долзарб аҳамиятга эга бўлган сайловолди кураши ҳамда кейинги истиқболида етакчилик қилади.

Бинобарин, миллатнинг қаддини, қадрини тиклашга интилаётган партиямиз учун ўз сайланган вакиллари орқали давлат ва жамият бошқарувида етакчилик қилиш, тарихий улуғворлигимизни, миллий ўзлигимизни, нодир маданий меросимизни асраб-авайлашда фаолликни қўлдан бермаслик устувор вазифадир.

Мақсуд МУҲАММЕДОВ, 
ЎзМТДП вилоят кенгаши раиси