Оила аъзоларимиз соғлиги ва хавфсизлиги учун оила даврасида қолайлик — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Оила аъзоларимиз соғлиги ва хавфсизлиги учун оила даврасида қолайлик

Жонажон Ватанимизда миллий ва диний қадриятларимизга бўлган ҳурмат ва эътиборни янада мустаҳкамлаш, эл-юртимиз учун азалдан эзгулик, саховат, меҳр-мурувват рамзи бўлиб келаётган муборак Рамазон ойида ислом динининг тинчлик, бағрикенглик, шукроналик каби олижаноб ғоялари заминида инсонпарварлик моҳиятини  кенг англадик, деб ўйлайман!

Афсуски, муқаддас байрамимиз бутун дунёда коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатида юзага келган мураккаб эпидемиологик вазият давом этаётган оғир бир даврга тўғри келмоқда. Таҳликали кунларда Рамазон ҳайит байрамини белгиланган карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда, динимиз буюрган ибодат амалларимизни уйимизда, оиламиз даврасида эртанги кунга юксак ишонч  ва умид билан ўтказишимиз  жуда муҳимдир.

Маълумки, 22 май ҳолатига Республикамизда коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар сони 3006 нафарга етди. Куни кеча 35 нафар, бугунги кунга қадар   2407 нафар, яъни 80 фоиз бемор тўлиқ соғайди. Шу билан бирга, 44 мингдан кўпроқ фуқаро карантиндалиги, уларнинг 18 мингдан ортиғи стационар шароитда карантинга жойлаштирилганлиги бу- одатий ҳолат дегани эмас.

Карантин тадбирлари давом этаётганини, айрим ҳудудларда бирмунча юмшатилганидан ўз саломатлигимизга бефарқ бўлмаслигимиз  керак.  Бугун  коронавирус аниқланган 39 беморнинг 28 нафари аҳоли орасидан қайд этилганлиги, уларнинг 15 нафари Навоий вилоятида, 13 нафари Самарқанд вилоятида аниқланганлигини оммавий ахборот воситаларидан кўряпмиз. Беморлар билан мулоқотда бўлган юзлаб, минглаб одамлар кузатувга олинган, карантинга жойлаштирилган. 

Биз бу ҳолатдан тўғри хулоса чиқаришимиз керак. Атрофимизда касалликка чалинганлар йўқлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Демак, сиз ҳам касалликка чалинишингиз, уйга олиб келишингиз, оила аъзоларингизга юқтиришингиз мумкинлигини зинҳор эсингиздан чиқарманг! Зеро, саломатлигимиз – бу бойлигимиз ва борлигимиздир!

Олдимизда  улуғ айём Рамазон ҳайити байрами  турибди. Гуруҳ-гуруҳ бўлиб, хонадонма-хонадон юришларимиз жуда жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Агар вазият жиддийлашиб кетадиган бўлса, эслаб кўринг-а, қанча вақт  уйдан  умуман чиқмадик. Бироқ бу вазият такрорланишини ҳеч биримиз ҳам асло истамаслигимиз  тайин.  Шундай  экан, барчангизни ҳайит байрамини Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг 2020 йил Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги баёнотида белгиланган қатъий талаблар асосида ўтказишга чақириб қоламан.

Зеро, Ҳайит арафасида ва байрам кунлари ёши улуғ кексаларимиз ва беморлар ҳолидан хабар олиш ҳамда ҳайит билан табриклаш ва бошқа миллий урф-одатларимиз билан боғлиқ анъаналаримизни карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда амалга ошириш ҳар биримиз, яқинларимиз учун жуда муҳим.

                                                                        Муборак АҲМЕДОВА

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Миллий тикланиш” ДП фракцияси аъзоси