Партия бюджети — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Партия бюджети

Партия фаолиятининг молиялаштирилиши ҳажми ва манбаалари тўғрисида ахборот

“Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига мувофиқ Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши қуйидагиларни маълум қилади:

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партия  2019 йилда  ўз молиявий хўжалик фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 16 мартдаги 86-сонли қарори билан тасдиқланган “Сиёсий партияларнинг Устав фаолиятини давлат томонидан молиялаштириш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан ўз Устав ва Дастурига мувофиқ амалга оширди.

2019 йил учун умумлаштирилган сметаси ижроси

2019 йилда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ташкилий таркибий жиҳатидан 14 та ҳудудий — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда 201 та туман, шаҳар партия кенгашларидан ташкил топган.

2019 йил давомида ўртача 6274 та бошланғич партия ташкилотлари фаолият кўрсатди. Партия аъзоларининг сони 211 795 нафар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан сайланган депутатлар сони йил бошига 31 ва йил охириги 29 нафарни ташкил этди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Уставига мувофиқ партия фаолиятини молиялаштириш манбалари аъзолик бадаллари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бериладиган хайрия ёрдамлари, амалдаги қонунларга  зид  бўлмаган  бошқа  барча  тушумлар ҳамда  Давлат  бюджетидан  ажратилган  маблағлардан  иборат.

2019 йил 2 февралдаги Марказий Кенгаш XIV Пленумида харажатлар сметаси ва штат жадваллари 614,5 нафар кишига тасдиқланган бўлиб, жумладан, Марказий Кенгаш девонида 51,5 нафар киши, ҳудудий партия Кенгашларида 563 штат бирлиги тасдиқланган.

2019 йил давомида партиянинг ҳисоб рақамларига жами 34 млрд 500 млн 468 минг 800 сўм маблағ келиб тушди. Шундан партия Устав фаолиятидаги  вазифаларни  молиялаштириш  учун   давлат  бюджетидан  20 млрд 103  млн 594  минг сўм, партия аъзолик бадалларидан 1 млрд 656 млн  979  минг  400 сўм,  ҳомийлик,  хайрия  ва   бошқа  тушумлардан  3 млрд  714 млн 095 минг 400 сўм ҳамда 2019 йил 22 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир харажатларни амалга ошириш учун Давлат бюджети томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг  2019 йил 15 октябрь 963-сонли қарори асосида  9 млд 25 млн 800 минг сўм маблағлар ажратилган.

Сайлов учун ажратилган маблағлар Олий Мажлиснинг 150 та, вилоят, шаҳарнинг 831 та ва туманнинг 5739 номзадлари кесимида молиялаштирилган:

        – 9 млд 25 млн 800 минг сўм маблағларнинг 30%,  яъни  2 млд 564 млн 390 минг 900  сўм номзоднинг шахсий ҳисоб варағига қолган, 70%, яъни 5 млд 664 млн 604 минг сўм тасдиқланган смета харажатларига асосан умумпартиявий ва бошқа сайловолди ташвиқот тадбирларга сарфланди ва 796 млн 805 минг 100 сўм иқтисод қилинган пул маблағлари Марказий сайлов комиссиясига қайтариб берилди.

 2019 йилдаги партиянинг сарф-харажатлари  25 млрд  444  млн 207 минг 400 сўмни ташкил этди.

Жумладан, 20 млрд 103 млн 594 минг сўм Давлат бюджетидан молиялаштириладиган маблағлари ҳисобидан, 5  млрд 340 млн 613 минг  сўм маблағлар бюджетдан ташқари ҳисоб рақамидан амалга оширилган  харажатлар сарфланди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ижро этувчи аппаратининг жорий харажатлар жами 19 млд 989 млн 290 минг 800 сўмни, яъни 78.6% ташкил этди.

Партия аъзоларини оммавий ахборот воситаларида чиқишини ташкил этиш ва  кўргазмали  материалларни  нашр  этиш  харажатларига  1 млрд 743 млн 171 минг 700 сўм, яъни 6.8% ташкил этди.

Мол-мулкни сақлаш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ коммунал хизматлар ва эксплуатация харажатларига 1 млд 182 млн 345 минг сўм, яъни 4.6% маблағ сарфланди.

Партия фаолларини ўқитиш, семенарлар ва тренинглар ўтказиш харажатларига 140 млн 603 минг 600 сўм, яъни 0.5% маблағ сарфланди.

Партиянинг  матбуот  органига  ёрдам  кўрсатиш  харажатлари  315 млн 513 минг сўмни ташкил этди.

Бошқа  харажатларга  374 млн  554  минг сўм сарфланди.

2019 йил 1 январь ҳолатига Партиянинг жорий ҳисоб рақами қолдиғи  2 млрд 227 млн 702 минг 800 сўмни ташкил қилади.

Партия ҳисоб рақамига келиб тушган маблағлар тасдиқланган харажатлар сметасига асосан сарфланди. Харажатлар сметасининг бажарилишида юзага келган вазиятга қараб ўрнатилган тартибда Марказий Кенгаш Ижроия Қўмита йиғилишларида ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

       2019 йил 1 августдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарорига асосан энг кам иш ҳақи миқдори 10% ошган. Ушбу қарорга асосан партия ходимларининг ойлиги ошган ҳамда партия Марказий Кенгаши раиси Алишер Қодировнинг қарорига асосан партия ходимларини қўллаб-қувватлаш, иш самарадорлигини ошириш мақсадида қўшимча яна 10% миқдорида барча партия ходимлари ойлик маошлари оширилган. Олдин бунақа тажриба қўлланилмаган. Тасдиқланган штат жадвали асосида йил давомида ўзгартириш киритилмай (минимал иш ҳақи ошган бўлса ҳам) ойликлар тўланиб келинар эди.

2019 йил аъзолик бадалларидан жами 1 млрд 656 млн 979  минг 200 сўм келиб тушди. Бу режага нисбатан 88.8 фоизни ташкил қилди. Партия Уставининг 13.6-бандида келтирилган, яъни ҳар ойлик аъзолик бадали ва бошқа тушумларнинг 15 фоизи Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитаси ҳисобига туширилиши айтиб ўтилган. Ушбу маблағларнинг тушуми 229 млн 969 минг 700 сўмни ташкил этиб, режага нисбатан 92.5 фоизга бажарилди. 

Партия молиявий ва бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини янада такомиллаштириш, молиявий назорат тизимини самарали ташкил этиш,  Ўзбекистон Республикасида молия ва банк тизимида ҳамда 2019 йил 1 январдан кучга кирган янги Солиқ кодексидаги ўзгаришларни ўрганиш мақсадида барча вилоят бош ҳисобчиларига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Ўқув марказида ўқишлар ташкил этилди.

Ушбу ўқишлар масъул ходимларнинг жавобгарлигини янада кучайтириш ҳамда 2019 йилнинг Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботларини тўғри расмийлаштириш ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиб бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича “ЎзАСБО” автоматлаштирилган дастурий–мажмуасида тўлиқ ишлашга  эришилди.

Партиянинг молиявий фаолияти, яъни молиявий маблағлар ва бошқа маблағларнинг тушуми ҳамда сарфланиши бўйича амалдаги меъёрий ҳужжатлар асосида ўрнатилган тартибда ўз вақтида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Давлат статистика ва Давлат солиқ қўмитаси ҳамда бошқа идораларга ҳисоботлар тақдим этиб келинди.

2020 йилга мўлжалланган бюджет кўрсаткичлари ҳақида

2020  йил 1 январь ҳолатига аъзолар сони  275 576 нафарни ташкил этиб, шундан аъзолик бадали тўловчилар 78016 нафардан иборат. Йиллик аъзолик бадали қарздорлик билан бирга 2 млрд 436 млн 997 минг 110  сўмни, ҳомийлик, хайрия ва бошқа тушумлар 164 млн 000 минг сўмни, махсус ҳисоб рақамлардаги  қолдиқ  эса  2 млрд 227 млн 702 минг 800 сўмни, жами даромад 4 млрд 828 млн 699 минг 900 сўм тушими кўзда тутилмоқда. ЎзМТДП Марказий, ҳудудий ва маҳаллий ташкилотларнинг 2020 йилдаги  эҳтиёжларини ўрганиб чиқилган ҳолда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2020 йилнинг 1-чорагига  мўлжалланган умумлаштирилган вақтинчалик сметаси лойиҳаси ва ЎзМТДП Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси девони, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг жорий ҳисоб рақамдаги маблағларнинг йиллик сметалари ҳамда аъзолик бадаллари тушуми сметаси тасдиқланди.