Қарор қатъий эмас! — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотпи Партия логотпи

Қарор қатъий эмас!

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва вазирлик қошидаги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш департаменти ҳамда Бухоро ва Қашқадарё вилояти ҳокимликлари диққатига

2018 йилнинг сентябрь-октябрь ойларида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ўз мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, республикамиздаги маданий мерос объектларини тўлиқ хатловдан ўтказди. Натижада 5 минг 287 объект бўйича далолатномалар тузилиб, 45 мингта фото материал тўпланди. Шунингдек, 827 объектнинг умуман йўқлиги, 381 объект эса авария ҳолатида экани хусусида Маданият вазирлигига маълумотнома тақдим қилинди. Ўрганишлар жараёнида “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг объектларга эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва тасарруф этиш қоидалари жойларда қўпол равишда бузилаётгани ҳам аниқланди.

Ушбу масала бўйича депутатлик ва парламент назорати ўрнатилган бўлса-да, аммо айрим маданий мерос объектларида тадбиркорлар томонидан миллий қадриятларимизга зид хатти-ҳаракатлар содир этилаётганини ҳам таъкидлаш жоиз. Шу боис, партия ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари иштирокида Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида қайд этилган ҳолатлар юзасидан  ўрганишлар ташкил этилди.

Хусусан, Бухоро шаҳри, М.Анбар кўчаси, 27-уйда жойлашган XIX асрга оид моддий маданий мерос объекти саналган Домла Ҳасан мадрасасидаги ҳолат ўрганилганда, ушбу объектда тадбиркор С.Пўлатов томонидан чилим ҳамда спиртли ичимликлар савдоси йўлга қўйилгани маълум бўлди.

Ишчи гуруҳи томонидан олиб борилган амалий ишлардан кейин айни кунда ушбу объектдан меҳмонхона сифатида фойдаланила бошланди.

Шаҳрисабз шаҳрида ресторанга айлантирилган, бир неча асрлик “Коба” карвонсаройидаги ҳолат хусусида ҳам ана шундай фикр билдириш мумкин. Хусусан, яқинда бу ерда ярим яланғоч қизлар иштирокида тадбир ўтказилган. Бу эса кенг жамоатчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлган. Ушбу ҳолат бўйича 22 октябрь куни халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи томонидан ўрганишлар олиб борилганида тадбиркор В.Содиқов ушбу ресторанни “Давр Шароб” савдо корхонасига бир кунга ижарага бергани ва бундай беҳаё рақслар ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслиги маълум бўлди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси юқоридаги ҳолатларни кескин қоралайди.

Маълумки, Конституциямизнинг 49-моддасида фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга мажбурлиги ва маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасида экани қатъий белгилаб қўйлган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, партия Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва вазирлик қошидаги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш департаменти, Бухоро ва Қашқадарё вилояти ҳокимлигидан  ушбу ҳолатлар юзасидан қатъий чоралар кўришни сўраган.

Шунингдек, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси маданий мерос объектларидан қонунга ҳилоф равишда фойдаланганлик учун жавобгарликни кучайтириш юзасидан қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш устида иш олиб бораётганини таъкидлаш жоиз.

Хулоса қилиб шуни айтиш жоизки, Маданият вазирлиги, Дин ишлари қўмитаси, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда тадбиркорлар ўртасида маданий мерос объектларининг тарихи, маънавий-маърифий аҳамияти ва улардан мақсадли фойдаланиш бўйича тарғибот ишларини кучайтирсалар мақсадга мувофиқ бўларди.