Рамазон ҳайити карантин қоидалари асосида нишонланади — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Рамазон ҳайити карантин қоидалари асосида нишонланади

Куни кеча Президентимиз томонидан «Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида» Қарори қабул қилинди. Ҳар йили бутун дунё мўмин-мусулмонлари қатори юртдошларимиз Ийдул фитрни кўтаринки кайфият, ўзгача шукуҳ, алоҳида тайёргарлик ва катта хурсандчилик ила нишонлайдилар. Pамазон ойи давомида адо этилган ибодатлар, эзгу амаллар ва меҳр-саховат ишлари эвазига мўмин-мусулмонлар жуда улуғ-савобларга эришадилар.

Муборак Рамазон ҳайитининг маънавий ҳаётимизда эзгулик, шукроналик, меҳр-оқибат каби олижаноб қадриятларни қарор топтиришдаги ўрни ва аҳамияти жуда катта.

Қарорга кўра Эзгулик, саховат ва мурувват ойи бўлган муборак Рамазон ойи бу йил мамлакатимизда коронавирус пандемияси туфайли уйда, оила даврасида, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитида ўтказиш белгиланди. Маълумки, шу кунларда юртимизда карантин тадбирлари давом этмоқда. Бутун дунёни ларзага солаётган коронавирус пандемияси Ўзбекистонга кириб келганига ҳам 2 ойдан ошди.

Ушбу балони енгиш учун барча керакли чора-тадбирлар ҳукуматимиз томонидан амалга оширилмоқда. Карантин чекловлари ўрнатилгани сабабли ҳар қандай тадбирларни ўтказиш тақиқланади.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг 2020 йил Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги баёнотига кўра 2020 йилги Рамазон ҳайити (Ийдул фитр) намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги, мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни соқит қилади дея таъкидланди. Шунингдек, Ҳайит арафасида ва байрам кунлари ёши улуғ кексаларимиз ва беморлар ҳолидан хабар олиш ҳамда ҳайит билан табриклаш ва бошқа миллий урф-одатларимиз билан боғлиқ анъаналаримизни карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда амалга ошириш тавсия қилинди.

Рамазон ҳайити барча мусулмон давлатлари учун муҳим бўлганидек, халқимиз учун катта аҳамият касб этади. Шунинг учун, бугунги карантин чекловларидан келиб чиққан ҳолда барчамиз Рамазон ҳайитини ўз уйларимизда нишонлаймиз.

Бугунги кунда бутун дунё ва давлатимизда карантин чоралари босқичма-босқич енгиллатиб борилмоқда. Албатта, юртимизга, халқимизга байрамлар ярашади, лекин одамларнинг соғлиғи ундан ҳам муҳим. Шунинг учун, келгуси байрамларимизни кўнгилдагидек кутиб олиш ва ўтказиш учун, бугунги ҳайит байрамини уйда, яқинларимиз даврасида, карантин қоидалари асосида нишонлаймиз.

Зеро, биз эл бошига тушган балони оғизбирчиликда, мардонавор енгиб ўтган халқмиз. Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўлсин.

Тажибай Романов, ЎзМТДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси раҳбари