Ташландиқ ётган Саид оталиқ мадрасаси таъмирланадиган бўлди — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Ташландиқ ётган Саид оталиқ мадрасаси таъмирланадиган бўлди

Ўзбекистон “Миллий тикланиш”демократик партиясининг Сайловолди платформасида белгиланган “мавжуд маданий ёдгорликларни, Ўзбекистон шаҳарларининг тарихий қиёфасини сақлаб қолишда самарали чора-тадбирларни амалга ошириш, тарихий жойлар, меъморий ёдгорликларни бутун инсоният учун қимматли осори атиқалар сифатида асраб-авайлаш ва қайта таъмирлаш” каби вазифаларни амалга ошириш мақсадида партия фракцияси, барча даражадаги партия ташкилотлари ва маҳаллий Кенгаш депутатлари мамлакатимиздаги моддий маданий мерос объектлари ҳолатини йиллар давомида ўрганиб келаётганидан хабарингиз бор.
Шу ўринда партия томонидан Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхат асосида 2019 йилда жами 7 минг 577 та моддий маданий мерос объекти ўрганилганини таъкидлаш жоиз. Ўрганиш жараёнида 827 та объект буткул йўқ бўлиб кетгани, 6 минг 750 объект сақланиб қолингани аниқланди. Шунингдек, ана шу жараёнда 310 та янги моддий маданий мерос объекти давлат рўйхатига киритиш учун тавсия этилди.
Ўрганишлар натижасида 2018 йилнинг 19 декабрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Маданият вазирининг «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижроси ҳақида»ги ахбороти эшитилди ва Қонунчилик палатасининг тегишли қарори қабул қилинди.
2018 йил 19 декабрдаЎзбекистон Республикаси Президентининг “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунига эса жиддий ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Сурхондарё вилоятида 2018 йилда давлат рўйхатидан ўтган маданий мерос объектлар сони 504 тани ташкил қилган бўлса, ўрганишлар натижасида бугунги кунда маданий мерос объектлари сони вилоятимизда 561 тани ташкил этади. Бундан ташқари, Сурхондарё вилоятининг Денов туманида жойлашган XVI асрга тегишли «Саид оталиқ» мадрасасини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш бўйича икки йил давомида кўтарилган масала ва ниҳоят ўз ечимини топди.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фаоллари ҳамда партия матбуот нашрида ушбу объектни муҳофазага олиш юзасидан 2018-2019 йилларда танқидий мақолалар чоп этилиб , тегишли мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилган эди. Мадрасанинг биринчи қаватидаги ҳужраларнинг барчаси тадбиркорларга ижарага берилган бўлиб, ундан омборхона сифатида фойдаланилмоқда эди. Ҳаттоки, айрим ҳужралар уй жойи тайин бўлмаган кимсаларга қўналға вазифасини ҳам ўтаётганлиги ишчи гуруҳи томонидан ўша кезлар қайд этилган.
Маълумот ўрнида шуни айтиш лозимки Денов шаҳридаги Саид оталиқ мадрасаси XVI асрда Хўжа Алоуддин Атторга атаб бунёд этилган. Бу улуғ зот халқ орасида Шайх Аттори Валий номи билан шуҳрат қозонган. Алоуддин Аттор Баҳоуддин Нақшбандийнинг куёви бўлиб, тариқат таълимотини кенг ёйиш мақсадида Деновга кўчиб келган ва шу ерда вафот этган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 9 апрелдаги “2020-2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Денов тумани ва унинг марказини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тўғрисида”ги Қарорига биноан Денов туманидаги “Саид-Оталиқ” мадраса мажмуаси таъмирланадиган бўлди.

Сайдулла Абдураимов
Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши депутати, ЎзМТДП вилоят Кенгаши раиси