Мақсадимиз очиқ ва равшан — сайловда энг кўп ўринга эга бўлиш — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотпи Партия логотпи

Мақсадимиз очиқ ва равшан — сайловда энг кўп ўринга эга бўлиш

“Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер ҚОДИРОВ “Миллий тикланиш” ижтимоий-сиёсий газетаси мухбири саволларига жавоб берди

— Алишер Келдиевич, партиянинг VI cъезди кун тартибига киритилган асосий масала, бу шубҳасиз, партиянинг сайловолди Дастурини ва албатта, парламент қуйи палатасига номзодлар кўрсатиш масаласидир. Шундан келиб чиқиб айтинг-чи, янги сайловолди Дастури аввалги дастурлардан қандай жиҳатлари билан фарқ қилади?

Яна қайтаришдек туюлса-да, “Миллий тикланиш” ушбу сайловга янгиланаётган партия сифатида кириб келаётганини, ҳатто мақсад ва вазифаларимизга сезиларли даражада ўзгартишлар киритилганини айтиш керак.

Бу, энг аввало, кейинги уч йил мобайнида юртимизда юз берган туб ислоҳотлар, барча соҳа ва тизимларда кузатилаётган ўзгаришлар билан боғлиқ. Очиғини айтиш керак, сиёсий институтларимиз узоқ йиллар давомида аҳоли манфаати бир ёнда қолиб, умумий масалалар билан шуғулланиб келди. Натижада жамиятдаги обру-эътиборни йўқотди. Зиммасидаги масъулиятни унутиб, на жамият, на халқ муаммоларини кўтариб чиқолмагани учун ҳам одамлар партияга ишонмай қўйдилар. Бугун сиёсий партиялар олдида турган асосий вазифа ана шу ишончни тиклашдан иборатдир. Биз сайловлар давридагина ўзини кўрсатиб, бошқа пайт деярли сезилмайдиган тизимдан воз кечадиган даврга етиб келдик. Агар яна эскича йўл тутсак, яна сайловчини, охир-оқибатда эса ўзимизни-ўзимиз алдаган бўламиз. Жамиятда ҳеч нарса ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. У муайян босқичдан ўтади. Биз ана шу йўлни эртами кечми барибир босиб ўтишимиз керак. Бугунги сайловчи биздан шуни талаб қилмоқда.

— Партия сайловолди Дастурида тил масаласи энг устувор йўналишлардан бири этиб белгиланган. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун бу сафар катта байрам сифатида нишонланди. Аммо тилимиз масаласида жамиятнинг зиёли қатлами зиммасига жуда катта вазифалар юклатиляпти. Шундай эмасим?

— Чиндан ҳам тил борасидаги муаммоларимиз етарли. Зеро, Президентимиз бежиз бу кунни байрам сифатида нишонланадиган кунга айлантирмадилар, бежиз ҳукумат таркибида махсус тузилма ташкил қилинмади, бежиз бир пайтлар йўқолиб кетган Атамалар комиссияси (аввал қўмита эди) қайта тикланмади. Буларни жой-жойига қўйиш, мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш учун кенг жамоатчилик саъй-ҳаракатига эҳтиёж сезилаётган эди. Тан олиш керак, биз ҳатто ўтган 30 йил давомида “Давлат тили ҳақида”ги қонунга ҳам номигагина амал қилдик. Узоққа бормай, ён-атрофимиз, кўча-кўйга бир назар солайлик. Шунда амалдаги қонуннинг қайси бандига қай даражада риоя қилаётганимиз кўринади. Эълон ёхуд афишалардаги хатолар ҳақида ёзавериб, айтавериб чарчадик. Яна бир гап. Амалдаги қонунда пештахталарга аввал ўзбек, кейин заруратга қараб бошқа тилда ёзилиши белгиланган. Ҳатто ана шу тартибга ҳам риоя қилмадик. Умуман гапирсак, гап кўп. Шунинг учун ҳам биз “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг янги таҳририни қабул қилиш, унинг ижросини таъминлаш масъулиятини ўз зиммамизга олдик. Тил ва унинг ривожланиши билан боғлиқ муаммолар хусусида гап кетганида энг аввало Давлатимиз раҳбарининг Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги фикр-мулоҳазаларидан тегишли хулосалар чиқаришимиз лозим, деб ўйлайман.

Президентимиз ҳақли равишда таъкидлаганларидек, “Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир.” Она тили, инчунун, миллий ғуруримиз, шаънимиз ҳамдир. Демак, Она тили биз учун чиндан ҳаёт-мамот масаласига айланяпти. Президентимиз унинг бугунги кундаги мақомини янада кўтариб “ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор, деб давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат, деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим”, дедилар. Ана шундай муносабатни ҳар биримиз ўзимиздан бошлашимиз ҳам уқтириб ўтилди.  Бу ўз навбатида, партиямиз зиммасига жуда катта масъулият юклайди.

— Алишер Келдиевич, очиғи бугунги сайловолди баҳс-мунозаралари жараёнида бевосита жамият, одамлар ҳаёти ва фаровонлигига тааллуқли бўлган глобал муаммолар кўтарилаётгани сезилмаяпти. Аксинча бачкана танқидлар авж олаётгандек.

— Дарҳақиқат, айрим сиёсий рақибларимиз кўпинча майда масалаларни мулоқот, баҳс мавзусига айлантиришга уриняптилар. Буни тирноқ остидан кир қидиришга ҳам ёки сайловчи эътиборини атайлаб чалғитишга ўхшатиш мумкин. Аммо бугунги сайловчи кимлардир тахмин қилаётганидек бу даражада содда эмас.

Айниқса, кейинги уч йиллик ўзгаришлар даврида сўз эркинлиги таъминлангани, матбуотимизда бир томонлама қарашлардан воз кечилгани сайловчиларга қиёслаш имконини бера бошлади. Ўтган сайловлар арафасида қайси бир партия ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли қатламини ҳимоя қилишга ваъда бергани, тиббиёт тизимидаги ислоҳотларга масъулликни қай бир сиёсий куч ўз зиммасига олганини ёки тадбиркор ва ишбилармонларга ваъда қилинган қулай бизнес муҳити қай даражада яратилганини аллақачон сайловчи ҳисоб-китоб қилиб бўлган. Ана шуларни инобатга олиб, сайловчи ва электорат вакилларига реал имкониятларимиз ҳақида маълумот беряпмиз. Дастуримизга киритилган устувор йўналишлар билан уларни таништиряпмиз.

—       Шу кунларда меҳнат муҳожирлари, уларнингҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан оммавий ахборот воситаларида, айниқса, ижтимоий тармоқларда кескин фикрлар билдирилмоқда.Аввал хабар қилганимиздек, айнан ушбу масалада партиямиз ўзига хос лойиҳани ҳам илгари сурмоқда. Шундай эмасми?

—       Дарҳақиқат, ўта долзарб ҳисобланган ушбу масала кескин фикрлар ва кечиктириб бўлмайдиган қарорлар қабул қилишни тақозо этмоқда. Маълумки, кўпгина давлатларда бўлганидек, Ўзбекистонда ҳам меҳнат ресурслари кўп. Бунинг асосий сабаби мамлакатимиз туғилиш бўйича ҳамон олдинги ўринларда турибди. Модомики шундай экан, меҳнат муҳожирларини қоралаш, уларни камситишни бас қилиб, улар учун қулай шарт-шароит яратиш, улар ҳуқуқини ҳар томонлама ҳимоя қилишни ўйлашимиз керак.

Бунинг учун биринчидан, меҳнат муҳожирларининг ҳақ-ҳуқуқларига оид қонуний асослар яратилиши лозим. Меҳнат муҳожирлари кўп бўлган мамлакатлар парламентлари билан мавжуд муаммоларга биргаликда ечим топиш ҳам муаммоларни ҳал этишнинг мақбул йўлларидан биридир. Бунинг учун эса бизга кучли, тиш-тирноқли парламент керак. Модомики дунёда жами аҳолининг 4-5 фоизи, яъни 280 миллионга яқин меҳнат муҳожири бор экан, ушбу масала жиддий ёндашувни талаб қилаётганини кўрсатади. Шу боис, биз сайловолди дастуримизда меҳнат муҳожирлиги тўғрисидаги қонунни қабул қилишорқали миллионлаб юртдошларимиз, айниқса, ёшларимиз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилмоқчимиз.

— Айрим партияларнинг амалдаги сайловолди Платформасига қарасак, улар гўё ҳукуматни эгаллаш учун курашаётган куч эмас, аксинча ижро ҳокимиятининг бир бўлагидек таассурот қолдириляпти. Жумладан, “Миллий тикланиш” демократик партиясининг амаладаги сайловолди Платформаси ҳам…

— Бу борадаги фикрингизга қисман қўшиламан. Шу боис ҳам сайловолди дастуримизни тубдан ўзгартирдик. Барча даражадаги депутатлар, мустақил экспертлар иштирокида уни бир неча бор муҳокамадан ўтказдик, бугунги давр талаблари асосида юзлаб таклиф ва мулоҳазаларни жамладик. Кераклиларидан фойдаландик. Натижада сайловчилар талабларини қондира оладиган даражадаги ҳужжатга эга бўлдик. Партиямизнинг бугун бўлиб ўтадиган съездида уни яна бир бор муҳокама қилиб, қабул қиламиз.

— Оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларингизда ўзликни англаш, маънавият ва маърифат, узлуксиз таълим ва тарбия, миллий ғоя мазмун моҳияти ҳақида кўп гапиряпсиз.

— Туркий халқларнинг қадимий ёдгорлиги ҳисобланган Ўрхун-Энасой тош битикларида шундай сўзлар ёзилган: “Сен ўзингни анг¬ласанг, ўзлигингга қайтсанг, юксаласан, буюк бўласан!”. Бу битиклар тошга ўйилганида аждодларимиз ислом динидан бехабар эдилар. Орадан бир неча аср ўтиб: “Сиз ўзингиз ўзгармагунингизча, жамиятингиз ўзгармайди”, деган оят нозил бўлган муқаддас Қуръони Карим аждодларимиз руҳиятига муносиб бўлгани учун ҳам қадриятимизга айланди. Биз муқаддас исломни нафақат ўргандик, балки унинг моҳиятини инсониятга ўргатган буюк алломалар вориси ҳам бўлдик.

Тарих саҳифаларини варақласак, қаерда маърифатга эътибор қаратилиши, илм-фан ривожига шарт-шароит яратилиши билан бирга, инсон қадри, шаъни улуғланган жамиятлардагина тараққиётга эришилган.

Юртимиз юксалиши учун йўлга чиққан эканмиз, аввало, мустаҳкам тикланиб олишимиз зарур. Қаддимизни букиб турган, кўриб кўрмасликка, эшитиб эшитмасликка олаётган муаммоларимиз, қон-қонимизга, онгу шууримизга сингиб кетган “одатлар” халқимиз елкасидаги оғир юк бўлиб турибди. Ушбу муаммолар фақатгина иқтисод, иш ўринлари, завод-фабрикалар қуриш билан боғлиқ, улар ечим топилса, қолган масалалар ўз йўлига тушиб кетади, деган фикр хатодир. Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев Сирдарё вилояти фаоллари билан ўтказган учрашувида “Биз иқтисодиётимизни оёққа турғазамиз, пул топамиз, инвестициялар жалб қиламиз, лекин меҳнатларимизни қадрлайдиган, уларни янада ривожлантира оладиган ёш авлодни тарбия қилмасак, қилган ишларимиз ўз маъносини йўқотади”, деб бежиз айтганлари йўқ.

Яъни, инсон онгини ўзгартиришдек машаққатли иш йўқ. Биз уни ўзгартира оламизми? Инсон дунёқараши шаклланиб бўлганидан кейин икки ҳолатдагина ўзгариши мумкин: биринчиси — ҳаётнинг аччиқ тарсакиси, тақдирнинг оғир зарбаси онгнинг ишламаган қирраларини ишлатиб юборади ва инсон ўз дунёқарашини ўзгартиради. Иккинчиси, инсон тафаккур қилади, буюк неъмат — идрок қўлланади, ўзини ўзгартиради ва ҳақиқатни топади. Бас шундай экан, кейинги авлодларнинг тўғри йўлни танлашлари учун ҳозирданов яхши шароит яратиш устида жиддийроқ бош қотиришимиз керак. Бу “Миллий тикланиш”нинг асосий ғояларидан биридир.  

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, фарзанднинг қандай йўл танлаши, биринчи навбатда, оиладаги муҳит ва ота-онанинг дунёқараши билан боғлиқ. Тўғри танланган пойдевор устига маҳорат билан қадриятлар устунларини ўрнатиш мактабгача таълим муассасасидаги тарбиячига боғлиқ. Юксак масъулият ва меҳр билан тайёрланган пойдевор ва ноёб устунларни (миллий ва умум¬инсоний қадриятларни ҳаётий мезонларга айлантириб юбориш маҳорати камсонли миллатларга насиб этади) ҳаётнинг кучли бўрону довулларидан асраши учун хизмат қиладиган илм гумбазлари билан мустаҳкамлаш мактабдаги муаллимлар маҳорати билан ўлчанади. Биз ушбу муҳим босқични муваффақиятли босиб ўтмасдан туриб, тикланиш ҳақида ўйлашимиз кулгили туюлиши мумкин. Энди асос ҳақида тўхталсак. Назаримда, бу чуқур ва кенг маърифат. Маърифатли шахс йўлидан қайтмайди ва сира адашмайди ҳам.

Биз насиб қилса, ана шу фикр ва ғояларимизни парламент ва ҳукумат воситасида амалга оширамиз. Парламентни чинакам “халқ уйи”га айлантириш тарафдоримиз. Зеро, аслида ҳам шундай бўлиши керак. Чунки биз депутатлар халқ вакилларимиздир.

— Маълумки, партиянинг парламентда кўп ўрин эгаллаши, энг аввало, танланган номзодлар ва улар салоҳиятига боғлиқ. Чунки юртимизда партияга эмас, номзод шахсига, унинг кимлигига қараб овоз бериш кўникмаси шаклланган.

— Дарҳақиқат, психология деймизми, кўникма деймизми, шундай қарашлар ҳалигача сақланиб қолмоқда. Бунинг илдизини яқин тарихмизда шакилланган партиявий анъаналардан излаш керак. Чунки собиқ иттифоқ даврида фақат битта партия мавжудлиги учун ҳам одамлар партияга эмас,  номзод шахсига эътибор қаратган. Узоқ давом этган ана шу ҳолат одамларимиз психологиясига мустаҳкам ўрнашиб қолган ва бу ҳозирга қадар давом этмоқда. Аммо бугунги янгиланиш ва ўзгаришлар ушбу кўникмадан воз кечиш кераклигини тақозо этмоқда. Айни пайтда асосий мақсадимиз — парламент қуйи палатасидан кўп ўрин эгаллаш. Ана шунда партиямиз ғоялари, мақсад-вазифаларини тўлиқ амалга ошириш имкони яратилди биз учун. Номзодларимиз ичида эл-юрт таниган инсонлар кўп. Улар партиямизнинг парламентнинг қуйи палатаси ва маҳаллий кенгашларда кўп ўрин эгаллашимизга имконият яратиб берадилар, деган умиддаман.

Яна бир муҳим масала. Биз бу сафар маҳаллий Кенгашларга кўрсатилган номзодларга алоҳида эътибор қаратдик. Бу, албатта, бежиз эмас. Чунки бу чақириқда маҳаллий Кенгашларга жуда катта ваколатлар берилади. Улар партиямиз мақсад вазифаларини жойларда тўлақонли амалга ошириш, электорат манфаатларини таъминлаш ва ҳимоя қилишда жонбозлик кўрсатиши керак бўлади.

Бугунги тадбиримизда яна бир бор сайловолди Дастуримизни, номзодларимизни муҳокама қиламиз. Мухтасар айтганда, сайловда муваффақиятли иштирок этиш ва кўп овоз олишнинг мустаҳкам, пухта-пишиқ стратегиясини тасдиқлаймиз.

Суҳбатдош Исмат ХУДОЁРОВ.