Уйимиз, оиламиз ва яқинлар – ҳаммасидан муҳим — Янгиликлар — Миллий тикланиш

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси

Партия логотипи Партия логотипи

Уйимиз, оиламиз ва яқинлар – ҳаммасидан муҳим

Ҳозир ҳеч кимга осон эмас. Кун ора бир-биридан хабар олган қўшнилар, беморлигини эшитса, таниш-нотанишни йўқлаб борган оқибатчилар, йўловчини шунчаки олиб кетаверган савобталаблар, байраму томошаларни яхши кўрадиганлар нақд 60 кунлик «чилла» сақлади. Рамазонни аксарият одам уйида, таровеҳ ва Қуръон хатмини ўқиб ўтказди. Мен эса пойтахтдаги хизмат уйида қолдим, шукрки оилам билан. Лекин, карантин бизга кўп нарсаларни ўргатди. Ҳайрият, оғир кунларимиз бизданам “шошқалоқлигини” кўрсатиб, кетма-кет ва тезда келиб-кетди. “Рост бўлсин”, денг.

Ҳозиргина ижтимоий тармоқларни кўрдим. Бирор одам зоти кўринмаган, дунёнинг мана-ман деган катта шаҳарларининг ҳувиллаган суратлари қалашиб ётибди. “Буюк бўшлиқ лойиҳаси” эмиш… Бир суратга “Борлиқ – Инсон билан гўзал…” деган кесатиқ тагсўз ёзилган. “Тавба”, дедим. “Бизда унчаликмас-ку, шукр”, дедим яна.

Бошқа бир расмий саҳифада “Афғонистонда COVID–19 билан касалланганлар учун шифохоналарда жой қолмаган…”, “АҚШда коронавирусдан ўлган 36 минг одамнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин эди. Агар…” каби хабарларга кўз тушди. Аҳолиси Ўзбекистондан беш ё ўн баробарга кам давлатларга тегишли кунлик (22 май!) статистикани ўқидим: Озарбайжонда +118, Молдовада +151, Тожикистонда +210, Арманистонда +335, Беларусда +945 одамга вирус юқибди.

Бир кунда! Бизда-чи? Қатъий карантин режими самара беряпти. Бунда, ҳатто, ҳозир шу постимни ўқиб турганларнинг ҳам ҳиссаси борлигидан қувонаман. Аммо, икки ҳудудимизда аҳоли орасидан 13 ва 15 нафар касалланганлар аниқланганига бугун эрталаб кўзим тушганди. Мана, соат 23:00 да хабар янгиланди – 45 дан ортиқ рақам. «Бепарво бўлишни бошладикми?» Афсус, беш қўл баравармас, ё эҳтиётсизлик сабаб. “Инсоф берсин”, дедим. “Шифосини берсин”, деб қўйдим…

Мусулмонлар идораси фатвосини ўқидим. Бир ой Рамазон рўзасини эътиқод билан тутиб, уйида ихлос билан таровеҳ намозини ўқиган одамга савоб кўп, деб айтиляпти. Буни қарангки, бағрикенглик таълимоти бўлган муқаддас Исломдан инсониятнинг бугунги қийин вазиятига ҳам адолатли ечим топиш мумкин. Бунга, фақат – ишонч, сабр ва эътиқод керак. Энг эсимда қолгани фиқҳий китобларимизда “Зарарни даф қилиш – фойдани жалб қилишдан олдинроқдир”, деган ҳукм бор экан. Буни ўқиб, овоз чиқариб «Ҳа!» деворибман.

Эрта-индин Рамазон ҳайити. Тўғри, кўп марта Ҳайит намозини жамоатда ўқигандирсиз, аммо, шу сафар ўзимизни, қолганларни сақлашдек синов берилди бизга. Ҳали айтганимдек, рўза кунлари таровеҳ, яна ҳатми Қуръон уйингизда ўқилган бўлса, хонадонингиз янаям покланган аниқ. Китоблардан бир ҳикматли гап ўқиганим эсга тушди: “Сўраган нарсангизни ўзингиз пок деб билган жойда туриб сўранг, Аллоҳ вожиб қилади”. Демак, уйда туриб сўрайлик, демоқчиман.

Ким учун сўраймиз: уйимиз учун, оиламиз учун, яқинларимиз учун! Демак, Муборак Рамазон Ҳайити куни ўзимиз билган, ҳақиқий тинч ва пок хонадонимизда астойдил сўрасак, Худо ҳаммасини етказади. “Сўраганга сўраганини етказсин”, деяпман ҳозир…
Сиз-чи?

Умиджон Жабборов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси